Ўзбекистон ва Корея: спорт соҳасида ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигида Корея Республикаси делегацияси билан музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, спорт, савдо ва таълим соҳаларида янги ҳамкорлик йўналишларини очиш масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро тэккён федерацияси президенти, Чунгжу шаҳри Савдо-саноат палатаси раҳбари Дае-Сик Мун бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов билан мулоқот чоғида ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик алоқалари алоҳида эътироф этилди. Сиёсий, иқтисодий ва спорт йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётгани, қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Суҳбат жараёнида спорт соҳасидаги ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, корейсларнинг миллий спорти тэккён ва ўзбек миллий спорт турларини халқаро миқёсда оммалаштириш истиқболлари юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Кореялик меҳмонлар мамлакатимизга ташриф давомида пойтахтимиз туманлари, Чирчиқ шаҳри ҳамда Бекобод туманида амалий учрашувлар ва тадбирларда иштирок этиш, тадбиркорлар билан мулоқотлар ўтказиш, шунингдек, келгусидаги қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш режалаштирилганини айтиб ўтди.

Шунингдек, Чунгжу шаҳри вакиллари Ўзбекистон ҳудудлари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишни мақсад қилинганини билдирди.
Меҳмонлар пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”даги музей фаолияти билан танишиб, ўзбек спортида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, спортчиларимизнинг халқаро майдондаги юксак ғалабаларини эътироф этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА