Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик янги даражага кўтарилди
Олий Мажлис Сенатига Озарбайжон Миллий Межлиси девони раҳбари Фарид Гажиев бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Сенат девони раҳбари Қудрат Нуруллаев билан учрашув чоғида Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари мустаҳкам тарихий алоқалар, умумий маданий ва маънавий қадриятларга таяниши таъкидланди.
Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик янги даражага кўтарилди.
Учрашувда Хива шаҳрида Ўзбекистон – Озарбайжон парламентлараро форуми муваффақиятли ўтказилгани ҳамда 2025-2026 йилларга мўлжалланган парламентлараро ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси" имзолангани қайд этилди.
Эришилган келишувларни янада илгари суриш ҳамда парламентлар раҳбарияти даражасида ва уларнинг девонлари ўртасидаги шерикликни ривожлантириш муҳим экани таъкидланди.
Мулоқот давомида икки мамлакат парламентлари девонлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари диққат марказида бўлди. Қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламент экспертизаларини ўтказиш, ахборот-таҳлилий ишлар, халқаро рейтингларга эътибор қаратиш, инновацион рақамли ечимларни жорий этиш каби йўналишларда шерикликнинг аниқ йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш, доимий конструктив мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, икки мамлакат парламентлари девонлари ўртасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Н.Абдураимова, ЎзА