Ўзбекистон ва Малайзия: микроэлектроника саноатини ривожлантириш йўлида муҳим шартнома имзоланди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “2026-2035 йилларда Ўзбекистон Республикасида микроэлектроника ва яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш стратегияси”ни ишлаб чиқишга бағишланган “Strategic Workshop Lab” амалий семинари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамда Малайзиянинг “MIMOS Berhad” ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда икки томон масъуллари, маҳаллий ва хорижий мутахассислар ва халқаро молия ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Малайзия делегацияси раҳбари, “MIMOS Holdings Sdn. Bhd.” компанияси бош директори Разман бин Жаафар, Малайзиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Туа бин Иллиас ва бошқалар томонлар ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатимизда юқори технологияларни ривожлантириш, микроэлектроника саноатини шакллантириш ва глобал қиймат занжирларига интеграцияни жадаллаштириш йўлида муҳим қадам эканини қайд этди.
Маълумки, яримўтказгичлар соҳаси глобал иқтисодиётнинг энг муҳим драйверларидан бири ҳисобланади. Масалан, 2025 йилда жаҳон ярим ўтказгичлар бозори ҳажми қарийб 8 миллиард долларни ташкил этган бўлса, ўсиш суръати 25,5 фоизни ташкил этди. Прогнозларга кўра, 2026 йилда бу кўрсаткич 1 триллион доллардан ошади. Бу эса соҳадаги имкониятлар кенгайиб бораётганини, айни пайтда рақобат ҳам кескинлашаётганини кўрсатади.

–Президентимиз 2025 йил 4-5 февраль кунлари Малайзияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида микроэлектроника ва яримўтказгичлар соҳасини ривожлантириш белгиланди. Бу бежиз эмас. Малайзия ярим ўтказгичларни йиғиш ва қадоқлаш соҳасида дунёнинг етакчи давлатларидан бири ҳисобланади. Ушбу маҳсулотлар экспорти қарийб 90 миллиард долларни, яъни мамлакат умумий экспортининг тахминан 25 фоизини ташкил этади.
Айнан шу сабабли, ушбу соҳада илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, миллий яримўтказгичлар тизимини шакллантириш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида 2025 йил июнь ойида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамда “MIMOS Berhad” ташкилоти ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Келишувга мувофиқ, мамлакатимизда яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш уч босқичда амалга оширилиши белгиланди. Биринчи босқичда (2026-2028 йиллар) малакали мутахассислар тайёрлаш, жумладан, микросхемалар дизайнини яратиш, яримўтказгичларни йиғиш ва синовдан ўтказиш бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Иккинчи босқичда (2029-2031 йиллар) мамлакатда ярим ўтказгичлар экотизимини шакллантириш, микросхемалар дизайни, йиғиш ва синов жараёнларини йўлга қўйиш, шунингдек, зарур хомашё билан таъминловчи корхоналарни жалб қилиш мақсадида Малайзия билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Учинчи босқичда (2032-2035 йиллар) эса яримўтказгичлар маҳсулотларини глобал етказиб бериш занжирига интеграция қилиш, Марказий Осиё, МДҲ ва Яқин Шарқ давлатлари бозорларига янги маҳсулотлар етказиб бериш ҳамда Ўзбекистоннинг мазкур соҳада янги иштирокчи сифатида шаклланишини таъминлаш назарда тутилган, – деди Жамшид Қўчқоров.

Шу устувор вазифалардан келиб чиқиб, мазкур икки кунлик тадбирда электроника ва электротехника саноатини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини кенгайтириш механизмларини ишлаб чиқиш, шунингдек, саноат сиёсати, мавжуд имтиёзлар ҳамда масъулиятларни аниқ тақсимлаш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда микроэлектроника ва яримўтказгичлар соҳасини ривожлантириш натижасида юқори қўшилган қийматли иқтисодиётга ўтиш муҳим масалалардан. Шу боис, мазкур тадбир якуний натижаларини ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланади.
“MIMOS Holdings Sdn. Bhd.” компанияси бош директори Разман бин Жаафарнинг сўзларига кўра, томонлар ҳамкорлиги иқтисодий трансформация, саноат инвестициялари ва глобал рақобатбардошликка бўлган қатъий интилишнинг ифодасидир.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “MIMOS Holdings Sdn. Bhd.” ўртасида яримўтказгичлар, электроника ва технологияларни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА