Ўзбекистон ва АҚШ: сув таъминоти соҳасида рақамли ечимларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти соҳасини модернизация қилиш, тармоқни рақамлаштириш ҳамда замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада халқаро тажриба ва илғор технологияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари бошчилигидаги делегация АҚШда хизмат сафари билан бўлиб турибди. Ташриф доирасида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов ҳамда АҚШнинг “Nobel Systems” компанияси бош директори Майкл Сэмуэл ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти соҳасини рақамлаштириш, геоахборот тизимларини кенг жорий этиш ва тармоқни замонавий бошқарув механизмлари асосида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар муҳокама қилинди. Шунингдек, рақамли технологиялар ёрдамида инфратузилма объектларини самарали бошқариш, тармоқда аниқ ҳисоб-китоб юритиш ва хизматлар сифатини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Компания вакиллари геоахборот тизимлари соҳасида тўпланган халқаро тажриба ҳамда инновацион ечимларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнларига татбиқ этишга тайёр эканини билдирди.
Маълумот ўрнида, “Nobel Systems” компанияси 1992 йилда АҚШнинг Калифорния штатидаги Редлендс шаҳрида ташкил этилган бўлиб, геоахборот тизимлари (GIS) бўйича дастурий ечимлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этишга ихтисослашган. Бугунги кунда компаниянинг технологияларидан АҚШ ва бошқа давлатлардаги 100 дан ортиқ сув таъминоти ташкилоти, энергетика компаниялари ҳамда маҳаллий давлат бошқаруви органлари фойдаланиб келмоқда.
Музокаралар чоғида Жиззах вилоятида пилот лойиҳа сифатида жорий этилган геоахборот тизими тажрибасини Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан компаниянинг халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларида қатнашиши юзасидан таклиф билдирилди.
Томонлар, шунингдек, халқаро молия институтлари томонидан сув таъминоти соҳасини рақамлаштириш учун ажратилиши режалаштирилаётган грант маблағлари ҳисобидан геоахборот тизимларини яратишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини биргаликда атрофлича ўрганишга келишиб олди.
Учрашув якунида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва “Nobel Systems” компанияси ўртасидаги амалий ҳамкорликни изчил давом эттириш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда ўзаро шерикликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.
Мазкур учрашув сув таъминоти соҳасини рақамли трансформация қилиш, замонавий геоахборот технологияларини кенг жорий этиш ва халқаро шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА