Улкан мақсадларни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат
Адолат давлатнинг энг буюк таянчи. Қонун устуворлиги жамият барқарорлигининг энг мустаҳкам пойдевори. Суд эса инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимояланган деб ҳис қиладиган энг муҳим маскандир.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат муайян бир тизимни такомиллаштириш, балки давлат ва жамият ҳаётида қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, инсон қадрини юксалтириш ва фуқароларнинг адолатга бўлган ишончини кучайтиришга қаратилган стратегик сиёсатнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги “Одил судлов — 2030”: “Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги Фармони ана шу улкан мақсадларни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат бўлди.
Мазкур Фармон билан суд тизимини 2030 йилга қадар ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари белгилаб берилди. Энг муҳими, ушбу ҳужжатнинг марказида суд идораси ёки унинг ташкилий тузилмаси эмас, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳамда адолатга бўлган ишончи турибди. Бу эса суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаш имконини беради.
Инсон қадри суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонидир. Ҳар қандай давлатнинг демократик тараққиёти, аввало, инсон ҳуқуқлари қай даражада ҳимоя қилинаётгани билан белгиланади.
Инсоннинг ҳуқуқи бузилганида у қаерга мурожаат қилади, қонуний манфаати поймол қилинганида кимдан адолат кутади? Давлат органи билан фуқаро ўртасида низо келиб чиққан ҳолатда қайси институт унинг ҳуқуқини холис ҳимоя қилиши керак? Бу саволларнинг барчаси охир-оқибат судга бориб тақалади.
Шунинг учун судга бўлган ишонч оддий бир ижтимоий муносабат эмас. У жамиятда қонунга бўлган ҳурмат, давлатга бўлган ишонч ва адолатга бўлган эътиқоднинг муҳим кўрсаткичидир. “Одил судлов — 2030” стратегиясида айнан шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсад қилиб қўйилган. Демак, янги стратегиянинг асосий ғояси битта улкан мақсадда мужассам:
Инсон суд эшигини қоққанда, унинг ортида қонун, адолат ва давлат кафолати турганини ҳис қилиши керак. Фармонда янги Ўзбекистон суд ҳокимиятининг янгиланган қиёфасини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар олтита асосий устун асосида амалга оширилиши белгиланган. Булар, “Халқчил суд”, “Адолат қўрғони”, “Кафолатланган адолат”, “Адолат посбонлари”, “Рақамли одил судлов”, “Халқаро эътироф”. Бу устунларнинг ҳар бири суд тизимининг алоҳида йўналишини ифодаласа-да, уларни бирлаштириб турган ягона мақсад бор. У ҳам бўлса — адолатни инсонга янада яқинлаштириш. “Халқчил суд” суднинг энг олий баҳоси халқ ишончидир, халқчил суд бу шунчаки халққа яқин жойлашган суд эмас. Халқчил суд, фуқарони эшитадиган, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳурмат қиладиган, ўз фаолиятини жамият учун очиқ ва тушунарли тарзда ташкил этадиган суддир. Фармонда судлар фаолиятининг шаффофлигини ошириш, суд жараёнлари ва суд фаолиятига оид ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, жамоатчилик билан қайта алоқани самарали йўлга қўйиш вазифалари белгиланган.
Бундан ташқари, судларни бюрократиядан холи тизимга айлантириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун замонавий стандартларга мувофиқ қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу суднинг жамиятдаги ўрнига нисбатан янги қарашдир. Чунки бугунги фуқаро суддан фақат қарор эмас, холис муносабат, очиқлик ва тушунарли ҳуқуқий жавоб кутмоқда. Судга ишонч эса бир кунда пайдо бўлмайди. У ҳар бир суд мажлисида, ҳар бир судьянинг муомаласида, ҳар бир қарорнинг асослантирилишида ва ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи қай даражада ҳимоя қилинганида шаклланади. Шу боис: Судга ишонч, суднинг обрўси эмас, давлатнинг ҳуқуқий нуфузидир.
Ҳар бир фуқаронинг судга бўлган ишончи бу “Адолат қўрғони” мустақил суд, мустаҳкам давлат суд мустақиллиги, одил судловнинг юраги. Судья қарор қабул қилаётганда ташқи таъсир, босим ёки манфаатлардан холи бўлиши керак. Фармонда инсон ҳуқуқлари устуворлигини сўзсиз таъминлайдиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувлардан холи, мустақил одил судлов тизимини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу масала фақат суд тизимининг ички иши эмас. Суд мустақиллиги — ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиларидан биридир. Чунки мустақил суд бор жойда фуқаро ўз ҳуқуқи ҳимоя қилинишига ишонади. Фуқаро ишонган жойда қонун устуворлиги мустаҳкамланади. Қонун устувор бўлган жамиятда эса давлат институтларига нисбатан ҳурмат ва ишонч кучаяди. Шу маънода, “Адолат қўрғони” тушунчаси рамзий маънода ҳам жуда катта сиёсий мазмунга эга. Суд инсон ҳуқуқларининг сўнгги ҳимоя чизиғи бўлса, унинг мустақиллиги ана шу ҳимоя чизиғининг мустаҳкамлигини таъминлайди.
“Кафолатланган адолат” ҳар бир қарор ортида инсон тақдири бор, суд фаолиятининг энг муҳим натижаси суд қароридир. Суд қарори бир ҳужжатдек кўриниши мумкин. Аммо унинг ортида кўпинча инсоннинг тақдири, оиласи, мол-мулки, обрўси, эркинлиги ёки келажаги туради. Шунинг учун қарорнинг қонунийлиги билан бирга, унинг адолатли ва асослантирилган бўлиши ҳам ниҳоятда муҳим. “Одил судлов — 2030” стратегиясида айнан қонуний, адолатли ва асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш, уларнинг сифати ва барқарорлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклаш кафолатларини кучайтириш вазифаси белгиланган. Бу судья зиммасига катта масъулият юклайди. Зеро, судья учун ҳар бир иш навбатдаги иш эмас. Ҳар бир иш — инсон тақдири. Шунинг учун судьянинг ҳар бир қарори қонунга, далилга, холисликка ва адолат мезонига таяниши лозим.
Жиноят процессида суд назорати инсон ҳуқуқларининг янги кафолати Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири жиноят процессида суд назоратини кучайтиришга қаратилган нормалардир. 2027 йил 1 июлдан бошлаб тергов судьясига процессуал мажбурлов чораларини қўллашга санкция бериш масалаларини кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини текшириш ваколатларини бериш назарда тутилган. Бу жиноят процессида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан принципиал аҳамиятга эга. Яъни шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилувчи муҳим процессуал қарорлар устидан суд назорати янада кучайтирилади. Шунингдек, “Хабеас корпус” институти доирасини кенгайтириш, тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов ҳаракатлари устидан суд назоратини кучайтириш, муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш амалиётини кенгайтириш каби вазифалар белгиланган. Бунинг замирида битта муҳим принцип ётади: инсон эркинлигини чеклаш — давлатнинг энг жиддий қарорларидан бири, шунинг учун бундай қарор устидан самарали суд назорати бўлиши шарт.
Суд қарорларини қайта кўришда янги тизим Фармон суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тизимига ҳам катта ўзгаришлар олиб келади. 2027 йил 1 июлдан бошлаб умумий юрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган, юрисдикция ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб оладиган ҳудудлараро судлар ташкил этилиши белгиланган. Ушбу судлар жами 319 та бошқарув ходими штат бирлигидан иборат бўлиши назарда тутилган. Янги тизимнинг асосий мақсади суд қарорларини қайта кўриб чиқишда холислик ва самарадорликни янада ошириш. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳудудлараро судларнинг юрисдикцияси бир нечта ҳудудларни қамраб олади. Жумладан, Қашқадарё ҳудудлараро суди Қашқадарё, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларини, Самарқанд ҳудудлараро суди эса Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилоятларини қамраб олади. Бу суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тизимида янги институционал ёндашув шаклланаётганини кўрсатади.
Судга бориш эмас, адолатга етишиш муҳим суд тизими қанчалик мукаммал бўлмасин, агар фуқаро унга мурожаат қилишда ортиқча тўсиқларга дуч келса, ислоҳотнинг самараси тўлиқ намоён бўлмайди. Шу сабабли стратегияда судга мурожаат қилишни соддалаштиришга ҳам алоҳида эътибор берилган. “Ягона дарча” тамойили асосида даъво аризасини қайтариш институтини ислоҳ қилиш, иш мазкур суднинг судловига тегишли эмаслиги сабабли аризани қайтариш амалиётидан воз кечиш ва уни тегишли судга ўтказиш, расмий талаблардаги айрим камчиликларни суднинг фаол кўмаги билан бартараф этиш каби механизмлар назарда тутилмоқда. Бу жуда муҳим ўзгариш. Чунки фуқаро ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилганда унинг олдида янги бюрократик тўсиқлар пайдо бўлмаслиги керак. Фуқаро суд эшигини қоққанда, суд унинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмига айланиши, янги муаммо манбаига эмас.
Судья лавозим эгаси эмас, адолат посбони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг марказида судья шахси туради. Чунки қонун қанчалик мукаммал бўлмасин, уни амалда қўллайдиган инсоннинг касбий маҳорати, дунёқараши, ҳалоллиги ва принципиаллиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Стратегияда “Адолат посбонлари” концепцияси асосида халқ хизматида бўлган, юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қиладиган судьялар корпусини шакллантириш мақсад қилинган. Бу судьялик касбига қўйилаётган талабларнинг янада юксалаётганини англатади. Судья, қонунни чуқур билиши, холис ва беғараз бўлиши, ҳар қандай таъсирдан мустақил қарор қабул қилиши, инсон қадрини улуғлаши, қарорини далил ва қонун билан асослай олиши, суд жараёни иштирокчиларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши керак. Зеро, судьянинг куч-қудрати унинг лавозимида эмас, қонунга содиқлигида.
Судьяларни ортиқча вазифалардан озод этиш, мустақилликка хизмат қилади. Стратегияда судьяларни одил судлов билан бевосита боғлиқ бўлмаган вазифалардан озод қилиш ҳам муҳим йўналиш сифатида белгиланган. 2028 йил 1 январдан бошлаб суд маъмурчилиги институтини жорий этиш, судьяларни ташкилий, моддий-техник, молиявий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни алоҳида маъмурий тизим орқали ташкил этиш назарда тутилмоқда. Бунинг мазмуни жуда аниқ, судьянинг асосий вазифаси, адолатни амалга ошириш. Судьяни маъмурий ва ташкилий ишлардан қанчалик озод қилсак, у шунчалик кўпроқ ўзининг бевосита вазифаси, одил судловни амалга оширишга эътибор қарата олади.
Бу устун ўзига хос устун бўлиб, “Рақамли одил судлов” замон билан ҳамқадам суд бугун рақамлаштириш ҳаётимизнинг барча соҳаларига кириб бормоқда. Суд тизими ҳам бу жараёндан четда қолмайди. Стратегияда суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имкониятини яратиш мақсад қилинган. Рақамли судлов, бу фақат электрон ҳужжат алмашинуви эмас. Бу инсоннинг вақтини тежаш. Бу ахборотга эришишни енгиллаштириш. Бу шаффофликни ошириш, суд тизимида инсон омили билан боғлиқ ортиқча тўсиқларни камайтириш. Шу билан бирга, Фармон судлар фаолиятини замонавий ва креатив усулларда ёритиш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишга қаратилган “Судья тушунтиради”, “Рост ёки ёлғон”, “Судьянинг бир иш куни”, “Адолат” подкасти каби медиа лойиҳаларни йўлга қўйишни ҳам назарда тутган. Бу суд тизимининг жамият билан мулоқотида янги давр бошланаётганидан далолатдир. Жамоатчилик назорати ва очиқлик, ишончнинг янги механизми, замонавий давлат бошқарувида жамоатчилик билан мулоқот алоҳида аҳамият касб этмоқда. Суд тизими ҳам жамиятдан ташқарида бўлиши мумкин эмас. Стратегияда Олий суд ҳузурида жамоатчилик фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, тадбиркорлар ва олимлардан иборат Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Халқаро маслаҳат кенгашини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Суд тизимида очиқ мулоқот, таҳлил ва жамоатчилик фикрига эътибор кучайишининг муҳим белгисидир. Суд тизими қанчалик очиқ бўлса, жамият уни шунчалик яхши тушунади. Жамият судни қанчалик яхши тушунса, судга бўлган ишонч ҳам шунчалик мустаҳкамланади.
“Халқаро эътироф”, Ўзбекистон суд тизимининг янги манзили янги стратегия миллий суд амалиётини халқаро стандартлар билан уйғунлаштиришга ҳам катта аҳамият бермоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларни миллий суд амалиётига имплементация қилиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш стратегиянинг олтинчи устуни сифатида белгиланган. Шу мақсадда одил судлов ва судьяларнинг ўзини ўзи бошқариши соҳасида камида 6 та халқаро ташкилот билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, судларнинг топшириқлари бажарилиши ҳамда суд қарорларининг тан олиниши ва ижрога қаратилиши соҳасида камида 10 та давлат билан халқаро шартномалар тузиш мақсад қилинган. Бу эса Ўзбекистон суд тизимининг халқаро ҳуқуқий макондаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 2030 йил сана эмас, янги мезон “Одил судлов — 2030” номи тасодифий танланмаган. Бу ерда 2030 йил оддий календарь санаси эмас. У суд тизимининг янги сифат босқичига чиқишини англатувчи стратегик марра. 2030 йилга бориб суд:халқчил бўлиши; мустақил бўлиши; очиқ бўлиши; рақамлашган бўлиши; инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиши; қонуний, адолатли ва асослантирилган қарорлар қабул қилиши; халқаро стандартларга мос ишлаши керак. Буларнинг барчаси бир нуқтада туташади. У ҳам бўлса инсон ишончи, энг катта натижа, халқнинг судга ишончидир, ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий натижасини фақат янги бинолар, янги тузилмалар ёки янги қонунлар билан ўлчаб бўлмайди. Ислоҳотнинг ҳақиқий натижаси инсоннинг ҳаётида кўринади. Фуқаро судга мурожаат қилганда ўзини ҳимояланган деб ҳис қилса ислоҳот натижа берган. Тадбиркор ўз ҳуқуқи суд орқали холис ҳимоя қилинишига ишонса, ислоҳот натижа берган. Жабрланган шахс адолат қарор топишига ишонса, ислоҳот натижа берган. Айбланувчи ҳам қонун доирасида ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётганини ҳис қилса, ислоҳот натижа берган. Судья қарор қабул қилаётганда фақат қонун ва адолат мезонига таянса, ислоҳот натижа берган. Шу маънода, “Одил судлов — 2030” стратегиясининг энг катта мақсади судга бўлган ишончни давлат сиёсати даражасида янги сифат босқичига кўтаришдир. Адолат, тараққиётнинг энг мустаҳкам пойдевори бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини кенг сиёсий жараёндан ажратиб бўлмайди. Чунки кучли иқтисодиёт, замонавий давлат бошқаруви, тадбиркорлик эркинлиги, инвестициявий муҳит, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти тараққиётининг барчаси, охир-оқибат, қонун устуворлигига бориб тақалади. Қонун устуворлигини эса мустақил, холис ва самарали судсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Шу нуқтаи назардан, “Одил судлов — 2030” стратегияси нафақат суд тизимининг келажагини белгилайди. У мамлакатнинг ҳуқуқий тараққиёт йўналишини ҳам белгилаб беради. Бу оддий ислоҳотлар дастури эмас. Бу суд ҳокимиятининг янги қиёфасини шакллантиришга қаратилган кенг қамровли стратегик дастур. Унинг марказида инсон, таянчи қонун устуворлиги, қалқони эса устақил суд, мезони адолатли ва асослантирилган қарор, замонавий воситаси рақамли технологиялар, мақсади халқ ишончи, Фармонда белгиланган вазифаларнинг барчаси бир-бирини тўлдириб, ягона мақсад, яъни инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қиладиган, халққа яқин, мустақил, очиқ ва адолатли суд тизимини барпо этишга хизмат қилади.
Зеро, адолат қарор топган жамиятда инсон ўзини эркин ҳис қилади. Инсон ўз ҳуқуқи ҳимояланганини ҳис қилган жамиятда давлатга ишонч мустаҳкамланади. Давлатга ишонч мустаҳкам бўлган жамият эса барқарор тараққий этади. Адолат фақат суд қарорида эмас, инсоннинг ўз ҳуқуқи ва қадр-қиммати ишончли ҳимоя қилинганини ҳис қилишида намоён бўлади. Бугун суд тизими олдида турган тарихий вазифа ҳам ана шунда судни шунчаки қарор чиқарадиган идорадан, инсон ишончини оқлайдиган адолат институтига айлантириш. Бу йўлнинг номи “Одил судлов — 2030”. бу йўлнинг мақсади эса битта инсон қадри, қонун устуворлиги ва адолат давлат сиёсатининг энг юксак мезони бўлишидир.
Суҳроб Ёдгоров,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг тергов судьяси