Ўзбекистон – Малайзия: нефть-газ соҳасида янги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди
Бугун ўз ишини бошлаган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида энергетика соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Малайзия Бош вазири ҳузуридаги Маслаҳат қўмитаси раиси – “Petronas” компанияси маслаҳатчиси Тан Шри Муҳаммад Ҳассан бин Марикан билан музокаралар олиб борди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида нефть-газ ҳамда газ-кимё соҳаларида шаклланган ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати таҳлил қилиниб, уни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Томонлар амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар самарадорлиги, инвестициявий шерикликни кенгайтириш ва тармоққа илғор технологик ечимларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, углеводород ресурсларини ўзлаштириш, қазиб олиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда қайта ишлаш соҳасидаги имкониятлар юзасидан фикр алмашилди.
Музокараларда соҳани барқарор ривожлантириш учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Учрашув якунларига кўра, геология-қидирув ишларини кенгайтириш, истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди. Шу билан бирга, “Petronas” университети негизида соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳам ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан келишувга эришилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА