Хорижий таълимга қизиқиш пасайдими?
Сўнгги йилларда хорижда таълим олишга қизиқиш билдирувчи ўзбекистонликлар сони камайган, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида муайян пасайиш кузатилган.
Мутахассислар бу ҳолатни хорижий олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари, таълим грантлари сиёсати, иқтисодий омиллар ва мамлакат ичидаги таълим имкониятларининг кенгайиши билан изоҳламоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–апрель ойларида 7 минг 355 нафар Ўзбекистон фуқароси ўқиш мақсадида чет элга сафар қилган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 минг нафарга ёки 26,2 фоизга камайган.
Таҳлилларга кўра, ўзбекистонликлар таълим учун асосан географик жиҳатдан яқин, таълим сифати юқори ва талабалар учун қулай шарт-шароитлар яратилган мамлакатларни танламоқда.
Ўқиш мақсадида энг кўп сафар қилинган давлатлар қуйидагича:
Қирғиз Республикаси — 1 519 нафар;
Россия — 1 515 нафар;
Корея Республикаси — 1 184 нафар;
Туркия — 554 нафар;
Тожикистон — 514 нафар;
Хитой — 472 нафар;
Буюк Британия — 413 нафар;
Бошқа давлатлар — 1 184 нафар.
Қирғиз Республикаси ва Россия таълим муассасаларига қизиқиш юқорилиги ушбу давлатлардаги ўқув дастурларининг нисбатан қулайлиги, тил муҳитининг яқинлиги ҳамда ўқиш харажатларининг мақбуллиги билан изоҳланади. Корея Республикаси эса юқори технологиялар, инновацион таълим тизими ва халқаро грант дастурлари орқали ёшларни ўзига жалб этиб келмоқда.
Шунингдек, Туркия ва Хитой университетлари ҳам сўнгги йилларда ўзбекистонлик талабалар учун жозибадор таълим йўналишларидан бирига айланган. Буюк Британия эса дунё рейтингида юқори ўринларни эгаллаган университетлари билан ажралиб туради.
Мутахассисларнинг фикрича, халқаро таълим бозоридаги ўзгаришлар, визалар сиёсати, таълим харажатлари ва грант дастурлари келгуси ойларда ҳам ўзбекистонликларнинг қайси давлатларда таҳсил олишини белгилаб берувчи асосий омиллар бўлиб қолади.
Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, ўзбекистонлик ёшлар хорижда билим олиш имкониятларидан фаол фойдаланишда давом этмоқда. Бу эса мамлакатда юқори малакали кадрлар захирасини шакллантириш ва халқаро тажрибага эга мутахассислар сонини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА