Ўзбекистон-Хитой: кўп қиррали ҳамкорлик
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Хитойнинг “Jiangsu Suhao Urban Renewal Co.,Ltd” компанияси директори Du Xiang билан учрашди.
Мулоқотда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида стратегик ҳамкорлик изчил ривожланиб, давлат раҳбарларининг ташриф ва учрашувлари натижасида барча даражада алоқалар мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди. Шунингдек, вилоятда ҳам хитойлик ҳамкорлар билан қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди.

Учрашувда компания директори пиллани чуқур қайта ишлаш, тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, турар жой комплексларини қуриш, шунингдек, туризмни ривожлантириш, маданий мерос объектларини реставрация қилиш каби лойиҳаларга инвестиция киритиш ташаббусларини илгари сурди.
Вилоят раҳбари мазкур лойиҳалар маҳаллий иқтисодиёт ривожи ва янги иш ўринлари яратилишида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Инвестор томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва ташаббусни юқори баҳолаб, лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, лойиҳаларни аниқ режа асосида тезроқ бошлаш зарурлигини қайд этди.
Зариф Комилов, ЎзА