Ўзбекистон–Хитой инвестиция форуми: ҳамкорликнинг янги босқичи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар қилинганидек, Сурхондарё вилоятининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган «Ўзбекистон (Сурхондарё) – Хитой» инвестиция форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Сурхондарё вилоятидаги «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ҳудудида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Хитой ва Афғонистон ҳукуматлари вакиллари, Хитойнинг 120 дан ортиқ ҳамда Афғонистоннинг 50 га яқин компаниялари делегациялари, шунингдек, мингдан зиёд маҳаллий тадбиркор ва мутасаддилар иштирок этди.
[gallery-30913]
Форум доирасида қатнашчилар «Made in Uzbekistan» миллий маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиб, мамлакатимиз, хусусан, Сурхондарё вилоятида ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотлар, маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати ва экспорт имкониятлари ҳақида маълумот олди.
Тадбир доирасида хорижий ва маҳаллий ишбилармонлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хитой ва Афғонистон бизнес вакиллари, Термиз шаҳри ва вилоят туманлари ҳокимлари, маҳаллий тадбиркорлар иштирокида G2B ва B2B форматларида учрашувлар ташкил этилди.
Учрашувларда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотлар экспортини ошириш ҳамда ишбилармонлар ўртасида узоқ муддатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА