Оворагарчиликдан қулай хизматлар тизимига: таълимда яна бир самарадорлик йўли
Мулоҳаза
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини модернизация қилиш, талабаларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда бюрократик жараёнларни қисқартириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шундай муҳим янгиликлардан бири олий таълим ташкилотларида Регистратор офисларининг ташкил этилиши бўлди.
Авваллари талабалар турли маълумотномаларни олиш, академик таътил расмийлаштириш, ўқишни кўчириш, кредит-модуль тизими билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш ёки бошқа академик хизматлардан фойдаланиш учун бир неча бўлим ва масъул ходимларга мурожаат қилишга мажбур эди. Бу эса вақт йўқотиш, ортиқча ҳужжатбозлик ва айрим ҳолларда ноқулайликларни келтириб чиқарарди.
Бугунги кунда эса Регистратор офислари ушбу хизматларни ягона марказ орқали кўрсатиб, талабаларга қулай ва замонавий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантирмоқда.
Регистратор офисларининг энг муҳим жиҳатларидан бири хизматларнинг босқичма-босқич рақамлаштирилаётганидир.
Замонавий ахборот тизимлари орқали талабалар ўзлаштириш натижалари, фанларга рўйхатдан ўтиш, академик маълумотларни олиш ва бошқа хизматлардан тезкор фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Натижада инсон омили қисқариб, хизматларнинг шаффофлиги ва тезкорлиги ошмоқда.
Айниқса, талабалар ва ота-оналар учун вақт тежалаётгани мазкур тизимнинг энг катта афзалликларидан бири ҳисобланади. Эндиликда кўплаб хизматларни олиш учун факультет, кафедра ёки бошқа таркибий бўлинмалар ўртасида юришга эҳтиёж камаймоқда.
Регистратор офисларининг жорий этилиши талабаларга хизмат кўрсатиш маданиятида янги босқични бошлаб берди.
Ягона дарча тамойили асосида ташкил этилган мазкур тизим орқали мурожаатлар қабул қилинади, тегишли хизматлар кўрсатилади ва натижалар белгиланган муддатларда тақдим этилади. Бу эса талабаларнинг ўқув жараёнига кўпроқ эътибор қаратиши, маъмурий масалаларга эса камроқ вақт сарфлашига хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, хизмат кўрсатиш жараёнларининг марказлаштирилиши ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириб, олий таълим ташкилотлари фаолиятида замонавий бошқарув тамойилларини қарор топтирмоқда.
Бугунги кунда Регистратор офислари нафақат хизмат кўрсатиш маркази, балки олий таълим тизимида талабага йўналтирилган бошқарув моделининг муҳим элементи сифатида шаклланмоқда.
Келгусида хизматларни тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект элементларини жорий этиш, мобиль хизматларни кенгайтириш ва барча жараёнларни ягона электрон платформага интеграция қилиш орқали ушбу тизимнинг самарадорлиги янада ортиши кутилмоқда.
Шубҳасиз, Регистратор офислари олий таълимда очиқлик, шаффофлик ва қулайликни таъминлаш орқали талабаларга хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқаётган муҳим ислоҳотлардан бири ҳисобланади.
Ҳар қандай ислоҳотнинг самараси аввало фуқаролар ва хизмат олувчилар томонидан ҳис этилгандагина намоён бўлади. Регистратор офисларининг жорий этилиши натижасида талабалар ўз вақтларини маъмурий масалаларни ҳал этишга эмас, балки таълим олиш ва илмий фаолият билан шуғулланишга кўпроқ сарфлаш имкониятига эга бўлмоқда.
Энг муҳими, факультетлар ва бошқа таркибий бўлинмаларнинг ҳам ортиқча юкламаси камаймоқда. Натижада профессор-ўқитувчилар ва деканатлар асосий эътиборни таълим сифати ва тарбиявий жараёнларга қаратиш имкониятига эга бўлмоқда.
Бегали ХОЛМИРОВ,
Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази бўлим бошлиғи,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.
ЎзА