Самарқанд вилоятининг олис ва чекка ҳудудларида тадбиркорлик фаолияти учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Самарқанд вилоятининг олис ва чекка ҳудудлари манзилли ривожлантирилади, тадбиркорлик фаолияти учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади, мавжуд захира имкониятлари ишга солиниб юқори иқтисодий ўсиш таъминланади. Аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси оширилади, йул-транспорт инфратузилмаси ривожлантирилади, ижтимоий объектлар ҳолати яхшиланади ва қурилиш ишлари жадаллаштирилади.
Қарорга кўра, 2026 йилда Самарқанд вилоятининг:
а) Нарпай, Пахтачи, Пастдарғом туманларида ва Каттақўрғон шаҳрида ишсизлик даражаси 4-3 фоизгача ва камбағаллик даражаси 2,5-2 фоизгача туширилади;
б) Иштихон, Нарпай, Нуробод, Каттақўрғон, Оқдарё, Пахтачи, Тойлоқ ва Қўшработ туманларида экспорт ҳажми ўртача 20 фоизга оширилади;
в) Самарқанд шаҳри, Нуробод ва Самарқанд туманларида жойлаштириш воситалари сони 850 тага ва улардаги ўринлар сони 20 мингтага, туризм хизматлари ҳажми 750 миллион АҚШ долларига етказилади;
г) Булунғур, Жомбой, Каттақўрғон, Нарпай, Нуробод, Пайариқ, Пахтачи, Ургут ва Қўшработ туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида бозор хизматлари
Булунғур, Нарпай, Оқдарё туманлари бўйича 2026 йил 30 июнга қадар:
а) Мисрдан 250 минг дона картошка мини-туганагини олиб келиб, Булунғур туманида кўпайтириш ишлари йўлга қўйилади;
б) Нидерландиядан 4 минг тонна уруғлик учун картошка олиб келиб, фермер хўжаликларига устамасиз етказиб берилади.
2026 йил 1 августга қадар Оқдарё туманида 100 гектар ер майдонида мини-туганак экиб, олинган 4 минг тонна супер-супер элита картошка уруғи белгиланган тартибда деҳқонларга бепул тарқатилади.
Булунғур туманида Хитой Халқ Республикасидаги ҳамкорлар билан биргаликда қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг бўлган йилига 100 минг бош ишлаб чиқариш қувватига эга наслчилик корхонаси ишга туширилади.
Оқдарё, Қўшработ ва Самарқанд туманларида нидерландиялик инвесторлар билан ҳамкорликда 20 миллион АҚШ доллари қийматидаги йиллик ишлаб чиқариш қуввати 800 минг дона наслли жўжа етиштирувчи корхона фаолияти йўлга қўйилади.
Бир ой муддатда Нарпай туманининг 100 гектар ер майдонида юқори қўшилган қийматли саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган саноат зонасини ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Унга кўра 2026-2028 йилларда Самарқанд вилоятида:
а) саноат зонаси фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун Япониянинг 10 та йирик компаниялари жалб қилинади;
б) жами 500 миллион АҚШ доллари қийматидаги, шундан "Ўзсаноатқурилишбанк" АЖ 200 миллион АҚШ доллари, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги 200 миллион АҚШ доллари ҳамда "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси 100 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳалар амалга оширилади.
Бир ой муддатда Нарпай тумани ҳудудидан ўтган Нарпай канали бўйидаги 2 километр ҳудудда хизмат кўрсатиш ва аҳоли дам олиш масканларини ташкил этиш учун ер участкалари электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади.
Қарорга мувофиқ, бир ой муддатда Нарпай туманида қулупнайчилик мактаби ташкил этилади.
Қулупнайчилик мактаби аҳолини ўз томорқаларидан самарали фойдаланиш, сердаромад экин турларини етиштириш, маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлашнинг замонавий усулларини ўргатишга ихтисослашган марказ сифатида фаолият юритади.
Уч ой муддатда 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги халқаро молия институтларининг грант маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан 2026-2027 йилларда вилоятнинг 25 та маҳалласидаги 3 мингта хонадонни қулупнайчиликка ихтисослаштириш чоралари кўрилади.
ЎзА