Оқова сув тармоқларини ифлослантирганларга чора кўрилди
Атроф-муҳит мусаффолиги, коммунал инфратузилманинг барқарор ишлаши ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оқова сув тармоқларидан белгиланган қоидалар асосида фойдаланиш, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар бир корхона ва тадбиркорлик субъектининг муҳим мажбурияти саналади. Афсуски, бу борада масъулиятсизлик ҳолатлари айрим жойларда ҳали ҳам учраб турибди.
Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан вилоят бўйлаб навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад оқова сув чиқариб юбориш тармоқларига белгиланган меъёрдан ортиқ даражада ифлослантирувчи моддалар ташланишининг олдини олиш, тизимга етказилаётган зарарни бартараф этиш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлашдан иборатдир.
Назорат жараёнлари амалдаги қонунчилик талаблари асосида, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ инобатга олинган ҳолда ташкил этилди. Хусусан, текшириш ишлари “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказилди ва Бизнес-омбудсман белгиланган тартибда хабардор қилинди. Бу эса тадбирларнинг очиқ, шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлади.

Ўрганишлар давомида бир қатор корхона ва тадбиркорлик субъектлари томонидан фаолият жараёнида ҳосил бўлган оқова сувлар махсус тозалаш ускуналарисиз ёки экологик талабларга зид ҳолда умумий тармоққа чиқариб юборилгани аниқланди.
Вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси матбуот котиби Беҳруз Усмоновнинг маълум қилишича, 22 та ҳолатда оқова сув таркибидаги зарарли ва ифлослантирувчи моддалар миқдори рухсат этилган меъёрдан бир неча баробар юқори экани қайд этилган.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан тегишли баённомалар расмийлаштирилиб, масъулиятсиз ёндашган субъектларга нисбатан жами 86 миллион сўмга яқин маъмурий жарималар қўлланилди.
Мутахассислар таъкидлашича, оқова сувларнинг меъёрдан ортиқ даражада ифлосланиши шаҳар канализация қувурларининг емирилишига, тозалаш иншоотлари иш фаолияти издан чиқишига ва умумий экологик вазият ёмонлашишига сабаб бўлиши мумкин.
Инспекция бош мутахассиси Санжар Равшановнинг таъкидлашича, бундай тадбирлардан мақсад тадбиркорларни жазолаш эмас, балки уларнинг жамият ва табиат олдидаги масъулиятини яна бир бор эслатишдир.
Дарҳақиқат, она табиатни асраш, коммунал мулкка эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва қонун талабларига риоя этиш ҳар бир фуқаро ва тадбиркорнинг бурчидир. Зеро, тоза муҳит ва соғлом ҳаёт тарзи барчамизнинг умумий манфаатимиздир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.