Тадбиркор солиққа оид ҳуқуқбузарлигини тан олса, иш судга оширилмайди
Солиқ тўловчи бўлган тадбиркорлик субъекти ўзининг солиққа оид ҳуқуқбузарлигини тан олганда ва эътироз билдирмаганда тадбиркорнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш солиқ органлари томонидан амалга оширилиши қонунчиликда белгиланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинган тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасида айни шу масала ўз аксини топмоқда.
— Ушбу қонун лойиҳаси билан Иқтисодий процессуал ҳамда Солиқ кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, — деди депутат З.Мавлонов. — Унга кўра, тадбиркор томонидан ҳуқуқбузарлик бартараф этилганда ҳисобварақ фаолиятига қўйилган чекловни бекор қилиш ҳам солиқ органи томонидан амалга оширилиши таклиф этиляпти. Яъни, эндиликда қоидабузилиш тан олинса, иш судгача бормайди. Бу эса тадбиркор фаолиятини қисқа вақтда қайта давом эттириш имконини беради. Шу билан бирга, солиқ тўловчи солиқ органининг қарори юзасидан эътироз билдирса, унинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш солиқ органининг аризасига асосан Иқтисодий суд томонидан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан бир қатор таклифлар билдирилди. Моддама-модда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА