“Оқ кабутар”да мароқли таътил
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Оқ кабутар” болалар оромгоҳида ёзги дам олиш ва соғломлаштириш мавсуми уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
“Шўрахон” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган мазкур оромгоҳда жорий мавсумда 5 сменада жами 825 нафар болани қамраб олиш режалаштирилган. Айни пайтда бу ерда 165 нафар бола мароқли ҳордиқ чиқармоқда.
Мавсумга тайёргарлик доирасида оромгоҳнинг барча биноларида ички ва ташқи таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, болаларнинг мазмунли дам олиши учун зарур шароитлар яратилди. “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида ҳудудга манзарали дарахтлар ва турли гуллар экилиб, оромгоҳ янада кўркам қиёфа касб этди.
[gallery-30266]
Тарбия ва дам олиш жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадида оромгоҳда 5 нафар тарбиячи, 1 нафар тўгарак раҳбари, 2 нафар спорт йўриқчиси ва 5 нафар етакчи фаолият юритмоқда. Жалб этилган 11 нафар педагог-тарбиячи малака ошириш курсларидан ўтган.
Оромгоҳда болаларнинг ҳар бир куни мазмунли ва қизиқарли ўтиши учун касб-ҳунар, санъат, ижод ва спорт йўналишларида тўгараклар ташкил этилган. Шунингдек, турли кўрик-танловлар ва спорт мусобақалари орқали болажонларнинг билим ва маҳорати чархланмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА