ЖССТ болалар ва ўсмирларда семириш бўйича биринчи глобал тавсияларни эълон қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болалар ва ўсмирлар орасида семизликнинг кескин ўсишига қарши курашишга қаратилган илк тавсияларини эълон қилди. Ҳужжат соғлиқни сақлаш тизимлари ва тиббиёт ходимларига ўз вақтида, илмий асосланган ҳамда инсонга йўналтирилган ёрдам кўрсатиш йўлларини кўрсатиб беради.
2024 йилда 5-19 ёшли 170 миллион бола ва ўсмирлар семизликдан азият чеккан, жумладан, 5-9 ёшли 70 миллион бола ҳамда 10-19 ёшли 100 миллион ўсмир. Бу ёш тоифасида семиришнинг тарқалиш даражаси 1990 йилдан бери 2 фоиздан 8 фоизга ўсиб, тўрт баробар кўпайган.
Семириш сурункали, қайталанувчи касаллик бўлиб, уни самарали парвариш қилиш орқали бошқариш мумкин. Унинг оқибатлари ҳаётнинг эрта босқичларидаёқ бошланиши ва 2-тоифа қандли диабет ҳамда юрак-қон томир касалликлари каби юқумли бўлмаган касалликлар хавфини ошириши мумкин. Семиришдан азият чекаётган болалар ва ўсмирлар шунингдек, стигма (камситиш), дискриминация ва буллингга дуч келишлари мумкин. Семиришнинг олдини олиш ва уни бошқариш болалар ҳамда ўсмирларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини ҳимоя қилиш, уларнинг соғлом ўсиши, таълими, ижтимоий фаровонлиги ҳамда ҳаёт сифатини қўллаб-қувватлаш учун жуда муҳимдир.
Ортиқча вазнга эга болалар ва ўсмирлар учун ЖССТ индивидуал тарзда ёки мультимодал дастур доирасида етказиб бериладиган тузилмавий парҳез, жисмоний фаоллик ва хулқ-атворни ўзгартиришга қаратилган чора-тадбирларни қатъий тавсия қилмоқда. Рақамли соғлиқни сақлаш тадбирлари ота-она ёки васий назорати остида шартли равишда тавсия этилади.
ЖССТ 0-9 ёшдаги болалар учун дори-дармонлар билан даволашини, бариатрик жарроҳлик амалиётини (ошқозон ёки овқат ҳазм қилиш трактини ўзгартирувчи вазн йўқотиш операцияси) ёки вазн йўқотиш мосламаларини тавсия этмайди.
10-19 ёшли ўсмирларни тасдиқланган дорилар билан даволаш фақат назорат қилинадиган мультимодал турмуш тарзи дастури кутилган натижани бермагандагина кўриб чиқилиши, ҳаддан ташқари семиз ўсмирлар учун бариатрик жарроҳлик амалиёти қатъий шартлар асосида бажарилиши мумкин.
– Болалар ва ўсмирларда семизликни даволашнинг асоси дори-дармон ёки жарроҳлик эмас, балки соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва барқарор хулқ-атвор ўзгаришларини таъминлайдиган ҳар томонлама кўмакка эришишдир, – деди ЖССТнинг Овқатланиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги департаменти директори, доктор Луз Мария Де Регил. – Бизнинг устувор вазифамиз ҳар бир бола ва ўсмир эрта ёшдан бошлаб сифатли ёрдам ҳамда қўллаб-қувватловчи муҳитдан фойдаланишини таъминлаш, бу орқали уларга соғлом вазнга эришиш ва уни сақлаб қолишда ёрдам бериш ҳамда умрбод соғлиқ ва фаровонлик учун пойдевор қўйишдан иборатдир.
Қайд этилишича, хавотир, депрессия, ўз-ўзини паст баҳолаш ва ҳиссий бошқарувнинг бузилиши носоғлом овқатланиш одатларига, жисмоний ҳаракатсизликка ва ижтимоий изоляцияга олиб келиши мумкин. Семизлик билан яшаётган болалар ҳамда ўсмирлар эса ўзларининг ҳиссий фаровонлигига зарар етказувчи стигма ва буллингни бошдан кечиради. Тиббиёт ходимлари инклюзив, ёшга мос ва оила жалб қилинган стратегиялардан фойдаланган ҳолда ҳам семиришни, ҳам руҳий саломатлик ҳолатларини эрта ва биргаликда ҳал қилишлари керак.
Тавсияларга кўра, соғлом вазнга эришиш ёки уни сақлаб қолишда асосий эътибор саломатлик, ҳаракатчанлик ва фаровонликни яхшилашга қаратилиши керак. Парвариш инсонга йўналтирилган, ёшга мос ва ҳар бир бола ҳамда оиланинг эҳтиёжларига жавоб берадиган бўлиши, узоқ муддатли кузатув ва узлуксизликни таъминлаши лозим.
Фақатгина даволашнинг ўзи семиришнинг ўсишини орқага қайтара олмайди. ЖССТ соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни янада қулай ва арзон қиладиган сиёсат ҳамда чора-тадбирларни, жумладан, регулятив ва фискал чораларни ҳамда таълим, шаҳарсозлик, транспорт ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ҳаракатларни давом эттиришга чақиради.
Шунингдек, ҳужжатда ҳаёт давомида семизликни даволаш, яъни болаликдан то ўсмирлик ва катта ёшгача вазнни бошқариш ҳамда назорат қилиш бўйича илмий асосланган тавсиялар бор. Бу тавсиялар Ташкилотнинг глобал семириш эпидемиясига қарши кенг қамровли чора-тадбирларининг, жумладан, семиришни тўхтатиш бўйича тезкор режанинг бир қисми ҳисобланади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА