“Олимпия куни”: Спорт ва оила қадриятлари бирлашган байрам
Бундан 132 йил муқаддам франциялик барон Пьер де Кубертен бошчилигидаги ташаббускорлар Олимпия ўйинларини замонавий спорт ўйинларига айлантириш ҳаракатини бошлаган ва бу саъй-ҳаракат натижасида 1894 йилнинг 23 июнь куни Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ташкил топди. Шундан бери ушбу сана дунё бўйлаб “Олимпия куни” сифатида кенг нишонланади.
Ҳар йили Халқаро олимпия қўмитасига аъзо 205 та давлатда ўтказиладиган спорт ва саломатлик байрамида миллионлаб кишилар соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш тадбирларида иштирок этади. Улар Олимпия ғояларини оммалаштириш, аҳоли орасида жисмоний тарбия ва спортга бўлган меҳрни янада оширишга ўз ҳиссаларини қўшади.
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да ушбу санага бағишлаб ўтказилган бу йилги Олимпия куни оила ва спорт қадриятларини тарғиб этишга қаратилган ўзига хос оилавий сайл форматида ташкил этилди.
“Сиз буни уддалай оласиз!” шиори остида ўтган байрам сайли аҳолига, айниқса ёш авлодга спортнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш ҳамда оилаларга қувонч улашишдан иборат бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, спорт соҳаси вакиллари, ёшлар, спорт ихлосмандлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда таниқли спортчилар, Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, турли ўйинларда, оммавий спорт мусобақаларида ўз иқтидорларини намойиш этди.
Айниқса, ёш болалар ўртасида югуриш, стол тенниси, қиличбозлик, бокс, таэквондо каби спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақалар, таниқли спортчилар Диёра Келдиёрова, Баҳодир Жалолов, Исроил Мадримов, Руслан Нуруддинов, Муроджон Аҳмадалиев, Давлат Бобоновлар билан уюштирилган суҳбатлар кўпчиликка манзур бўлди.
Тадбир давомида Халқаро олимпия қўмитаси президенти Кирсти Ковентрининг онлайн табриги намойиш этилиб, ушбу сананинг тарихий аҳамияти, Олимпия ҳаракатининг инсоният ҳаётидаги ўрни, спорт орқали тинчлик ва дўстлик ғояларини тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.
[gallery-29944]
Тадбир кўтаринки руҳда ўтиб, иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди ҳамда Олимпия қадриятларини кенг тарғиб этиш орқали соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинди.
Т.Рўзиев, ЎзА