Олимларимиз Испанияда илмий салоҳиятини оширмоқда
Шу кунларда Испаниянинг Валенсия шаҳрида дунёнинг кўплаб давлатларидан борган қишлоқ хўжалиги, тупроқшунослик ва экология йўналишларида фаолият юритаётган олим ва мутахассислар учун 1-Халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Унда мамлакатимиздан Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти директори профессор Ш.Бобомуродов бошчилигидаги делегация аъзолари қатнашмоқда.
Маълумотларга кўра, мазкур нуфузли халқаро анжуманда ер деградациясининг сабаблари ва оқибатлари, иқлим ўзгаришининг тупроқ ҳамда ер ресурсларига таъсири, тупроқ эрозияси ва шўрланишининг олдини олиш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш, тупроқ соғломлигини тиклаш, табиатга асосланган ечимлар, ер ресурсларини самарали бошқариш, барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда углеродни тупроқда сақлаш каби долзарб илмий-амалий масалалар кенг муҳокама қилинди.

Конференция доирасида мавзуга оид ялпи ва шўба сессиялари, етакчи олимларнинг маърузалари ҳамда амалий дала экскурсиялари ташкил этилди. Иштирокчилар Валенсия ва унинг атрофидаги қирғоқ ҳудудлари, суғориладиган плантациялар, лалми деҳқончилик ерлари, узумзорлар ва табиий экотизимларда кузатилаётган деградация жараёнлари ҳамда уларни тиклаш бўйича илғор тажрибалар билан яқиндан танишмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу халқаро анжуманда иштирок этиш институт олимларининг илмий салоҳиятини янада ошириш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва тиклаш борасидаги илғор хорижий тажрибаларни миллий амалиётга жорий этиш, шунингдек, халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Келгусида мазкур йўналишда қўшма илмий тадқиқотлар, инновацион лойиҳалар ва тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган.
Гулноза Бобоева,ЎзА