Эзгулик аукциони ўтказилди
Меҳр ва эътибор инсон қалбига куч бағишлайди. Айниқса, ҳаёт синовларига дуч келган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнати ва интилишларини қадрлаш жамиятдаги эзгулик муҳитини янада мустаҳкамлайди. Сирдарёда имконияти чекланган аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ана шундай хайрли тадбирлардан бири ўтказилди.
Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Сирдарё туманидаги ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар “Ғамхўрлик” марказида инклюзив хайрия тадбири ташкил этилди.
Марказда даволанаётган ва парваришланаётган хотин-қизлар томонидан меҳнат терапияси жараёнида яратилган турли хил қўл меҳнати маҳсулотлари — нафис безаклар, бадиий буюмлар, тўқимачилик ва ижод намуналари аукцион ҳамда кўргазма-савдога қўйилди.
Мазкур тадбир оддий савдо эмас, балки инсон меҳнатини қадрлаш, унинг қобилияти ва ижодий салоҳиятини намоён этишга қаратилган эзгу ташаббус бўлди. Аукцион давомида 54 та лот бўйича маҳсулотлар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилиниб, харид қилинди.
Унда вилоят солиқ бошқармаси ва шаҳар-туман солиқ инспекциялари ходимлари, тадбиркорлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда фуқаролардан иборат 100 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.
[gallery-30557]
Тадбир натижасида қарийб 50 миллион сўм маблағ тўпланди. Мазкур маблағлар марказдаги аёлларнинг меҳнатини рағбатлантириш, уларга янги куч ва ишонч бағишлаш, шунингдек, “Ғамхўрлик” марказининг моддий-техник базасини янада яхшилашга йўналтирилади.
Марказдаги ҳар бир қўл меҳнати намунаси ортида сабр, матонат ва катта орзу мужассам. Бу ердаги аёллар ўз қўллари билан яратган маҳсулотлари орқали нафақат ҳунарларини намоён этмоқда, балки жамиятда ўз ўрнига эга эканини, уларнинг меҳнати қадрли ва аҳамиятли эканини ҳис қилмоқда.
— Бундай тадбирлар биз учун катта маънавий қўллаб-қувватлаш бўлди. Қўлимиздан чиққан маҳсулотларга билдирилган эътибор ва ишонч бизга янада куч бағишлайди. Энг муҳими, ўз меҳнатимиз билан жамиятга фойда келтира олишимизни ҳис қиламиз, — дейди марказ тарбияланувчиларидан Доно Ҳасанова.
Ташкилотчилар таъкидлаганидек, бу каби хайрли ташаббуслар имконияти чекланган шахсларни ижтимоий ҳаётга янада фаол жалб этиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА