Оламни маҳлиё айлаган диёр
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганлигининг 30 йиллиги Фарғона вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.
Жойларда “Оламни маҳлиё айлаган диёр” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, ёшлар ўртасида ижодий танловлар ташкил этилмоқда.
Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон – шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.
Давлатимиз герби 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган қонун билан тасдиқланган. Шу сабаб 2 июль – Ўзбекистон фуқаролари учун байрам сифатида қадрли ва унутилмас кунлардан бирига айланган.
Бугун эрталабдан Фарғона шаҳридаги марказий кўчаларда давлат байроғи ўрнатилган ҳолида ватанпарварлик автокарвонининг ҳаракати ҳар бир юртдошимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди.
Фарғона шаҳридаги касб-ҳунар мактабида байрам тадбири ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ҳатамов, вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими мутахассиси Шавкат Тўйчиев давлат рамзлари мустақиллигимизнинг тимсоли эканлигини, аҳоли ва ёшлар қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришдаги беқиёс аҳамияти хусусида сўз юритди.
Ёшлар томонидан тайёрланган байрам дастури намойиш этилди. Она-ватанни, тинчликни мадҳ этувчи шеърлар барчага манзур бўлди.
[gallery-7817]
М.Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат),ЎзА