Оғир атлетика бўйича баҳсларда навоийликлар пешқадам
Чирчиқ шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг оғир атлетика залида Ўзбекистон чемпионати баҳслари қизғин давом этмоқда.
Ортда қолган иккинчи кунги баҳслар сарҳисобига кўра, Навоий вилояти жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан етакчилик қилаётган бўлса, кейинги ўринлардан жой олган Наманган, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва пойтахт жамоалари ҳисобида 2 тадан олтин медаллар мавжуд.

Кеча мамлакат чемпионати ва унинг доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Туркия вакиллари иштирокида ўтадиган “Uzbekistan Open” очиқ халқаро турнирининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда иштирок этган спорт вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Ш.Маҳмудов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Р. Маткаримов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари юртимизда оғир атлетика спорт тури жадал ривожланаётгани эришилаётган натижаларда ўз аксини топаётганини таъкидлади.
Бугун, 26 март куни чемпионатнинг учинчи кунги мусобақаларида аёллар -61 килограммда, эркаклар -75, -85 ва -95 килограммда баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, 31 мартга қадар давом этадиган чемпионатда мамлакатимизнинг 300 нафарга яқин спортчилари қатнашмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА