Очиқлик ва ишчанлик руҳида ўтди
Гулистон давлат педагогика институтида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ва истиқболдаги режаларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда маҳаллий ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари, соҳа мутахассислари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Анжуман давомида институт ректори ва масъул раҳбарлар томонидан таълим сифатини ошириш, инфратузилмани яхшилаш ва талабалар учун қулай таълим муҳитини яратиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
– 2024-2025 ўқув йилида 14 та бакалавриат ва 3 та магистратура дастури такомиллаштирилди, 144 нафар талабалар ҳақ тўланадиган амалиётга жалб этилди. Регистратор офиси фаолияти йўлга қўйилди, бу эса ўқув жараёнининг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда, – дея таъкидлади институт проректори Нурбек Аяқулов.
Шунингдек, 108 марта маънавий-маърифий тадбир ўтказилиб, унга 3944 нафар талаба қамраб олинди, бу орқали ёшлар маънавияти ва ижтимоий фаоллиги кучайтирилди.
Институтда “Яшил иқтисодиёт” тамойиллари асосида ҳам қатор ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 7340 та кўчат экилди, 95 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Бу эса экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, 400 ўринли талабалар турар жойи ва 1000 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди, бу талабалар учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.
[gallery-23090]
Тадбир якунида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Журналистлар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Тадбир иштирокчилари институтда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга ижобий баҳо бериб, таълим соҳасидаги очиқ ва шаффоф ёндашувни қўллаб-қувватлашди.
Матбуот анжумани Гулистон давлат педагогика институтининг тараққиёт сари ишончли қадамлар билан илгарилаб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири