Номзодлар турнири: Бугун Жавоҳир Синдоров Андрей Есипенко билан беллашади
Бугун, 7 апрель куни Кипрда давом этаётган Номзодлар турнирининг иккинчи босқич мусобақалари бошланади.
Дунёнинг энг кучли 8 нафар эркак ва 8 нафар аёл шахматчилари дона сураётган нуфузли мусобақанинг 8-турида Жавоҳир Синдоров қора доналарда Андрей Есипенко билан куч синашади.
Айтиш лозим, маҳоратли шахматчимиз турнирнинг илк турида оқ доналарда ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган Есипенкони таслим этганди.

Бугун шунингдек, Вэй И (Хитой) — Маттиас Блюбаум (Германия), Аниш Гири (Нидерландия) — Праггнанандха (Ҳиндистон), Ҳикару Накамура (АҚШ) — Фабиано Каруана(АҚШ) ўйинлари бўлиб ўтади.
Биз учун эътиборли жиҳати, Ўзбекистон шахмат федерацияси маълумотига кўра, Номзодлар турнири тарихида ғолибликка эришган шахматчилар турнир давомида ўртача 3–5 та ғалабани қайд этган.

Жавоҳир Синдоров эса бу галги Номзодлар турнирида ортда қолган 7 та турнинг 5 тасида муваффақиятга эришгани, олдинда яна 7 та тур мавжудлигини эътиборга олсак, даъвогарлар мусобақасининг рекорди айнан ҳамюртимиз томонидан ўрнатилишига яқин.
8-тур ўйинлари остонасида Синдоров 7 имкониятдан 6 очко жамғарган ҳолда якка пешқадамликни давом эттирмоқда. Жавоҳирдан 1,5 очко ортда қолаётган АҚШ вакили Фабиано Каруана 4,5 очкога эга бўлиб турибди.
Мусобақалар 16 апрелга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА