Навоий аэропорти халқаро юк ташувлар маркази сифатида мустаҳкамланмоқда
Навоий халқаро аэропортида юк ташувлари ҳажми изчил ошиб, у Марказий Осиёдаги муҳим транзит нуқталардан бирига айланиб бормоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 февралдаги “Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда аэропорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва яратилаётган кенг имкониятлар натижасида аэропорт орқали амалга оширилаётган халқаро юк рейслари сони ортиб, янги ҳамкорликлар йўлга қўйилмоқда.

Жумладан, 2026 йил 11 апрель куни Франциянинг нуфузли юк ташувчи авиакомпанияси – CMA CGM Air Cargo томонидан Гонконг – Навоий – Париж йўналишида илк техник қўниш амалга оширилди.
– Мазкур авиакомпания дунёда йирик юк оператори ҳисобланади, – дейди аэропортнинг тижорат бўлими бошлиғи Азиз Мардонов. – CMA CGM Air Cargo 2024 йил август-ноябрь ойларида ҳам Навоий халқаро аэропорти орқали техник қўнишларни амалга оширган эди. Бироқ ўша даврда авиаёқилғи етказиб беришдаги узилишлар сабабли парвозлар Озарбайжоннинг Боку халқаро аэропортига йўналтирилган. Сўнгги ойлар давомида авиакомпания билан олиб борилган самарали музокаралар ва конструктив ҳамкорлик натижасида қатновларни яна Навоий халқаро аэропорти орқали тиклашга эришилди. Ҳозирги кунда Хитойдан Европага йўналган юк қатновларини Навоий орқали амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Ушбу авиакомпания томонидан Гонконг – Навоий – Париж ҳамда Гонконг – Навоий – Брюссел йўналишларида ҳафтасига 11 та қатнов мунтазам ташкил этилиши кўзда тутилган.

Мазкур ташаббус Навоий халқаро аэропортининг халқаро логистика маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, транзит юк оқимини ошириш ҳамда мамлакатимизнинг глобал транспорт йўлакларидаги аҳамиятини кучайтиришга хизмат қилади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири