Ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ортидаги муаммо нимада?
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат тасодифий воқеалар эмас, балки жамиятнинг маънавий ҳолати қай даражада эканини акс эттирувчи жиддий муаммо. Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеолар, турли ҳудудларда қайд этилаётган аянчли ҳолатлар бу масаланинг тизимли тус олаётганидан далолат бермоқда.
Айниқса, Бўстонлиқ туманида мушук болаларига нисбатан зўравонлик, Учтепада итларни автомобиль билан босиб ўтиш ҳолатлари, Сурхондарёда эса ит боласининг қулоқларини ваҳшийларча узиб ташлаш чуқурроқ илдизга эга муаммонинг аломатлари ҳисобланади.

Мазкур ҳолатлар шуни кўрсатадики, ушбу шафқатсиз ҳаракатлар фақат ҳуқуқий бўшлиқлар натижаси эмас, балки тарбия, ижтимоий онг ва жавобгарлик ҳиссининг етарли даражада шаклланмагани билан ҳам боғлиқ. Аксарият ҳолларда бундай ҳаракатлар жазодан қўрқмаслик, бепарволик ёки зўравонликни оддий ҳол сифатида қабул қилиш оқибатида содир этилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликни жамиятдаги зўравонликнинг бошланғич кўринишларидан бири сифатида баҳолаш зарур. Чунки кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳайвонларга нисбатан зўравонлик қилган шахслар кейинчалик инсонларга нисбатан ҳам агрессив хатти-ҳаракатлар содир этиш эҳтимоли юқори бўлади.
Ушбу муаммони ҳал этиш учун тизимли ёндашув талаб этилади. Аввало, қонунчиликни кучайтириш муҳим. Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун жавобгарликни янада кучайтиришга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, Экологик партия томонидан ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасида амалдаги жазоларни сезиларли даражада қатъийлаштириш таклиф этилган.

Мазкур лойиҳага кўра, ҳозирда белгиланган жарималар миқдорини кескин ошириш режалаштирилган. Агар амалдаги тартибда жарималар нисбатан пастроқ бўлса, янги таклифга биноан улар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 200 бараваригача етказилиши мумкин. Бу миқдор 82,4 миллион сўмгача бўлган жаримани англатади. Бундай ўзгаришлар зўравонлик содир этишнинг сезиларли даражада олдини олиши мумкин.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида фақат молиявий жазолар билан чекланиб қолмасдан, янада жиддийроқ чораларни қўллаш ҳам назарда тутилган. Жумладан, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган шахсларга нисбатан 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш имконияти ҳам кўзда тутилмоқда.

Янги қоидаларнинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири етказилган зарарни қоплаш масаласидир. Эндиликда ҳайвонга зарар етказган шахс нафақат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади, балки ўша ҳайвонни даволаш билан боғлиқ барча харажатларни ҳам тўлиқ ўз зиммасига олиши шарт бўлади.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси фақат жазоларни кучайтиришга қаратилмаган бўлиб, ҳайвонларга нисбатан ижобий ва инсонпарвар муносабатни ривожлантиришга хизмат қилувчи қатор янгиликларни ҳам ўз ичига олади. Хусусан, жамоат жойларида ҳайвонлар учун зарур ва қулай шароитлар яратиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Муаммога нафақат ечим бериш, балки унинг олдини олиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун, таълим тизимида ҳайвонларга нисбатан ижобий муносабатни шакллантиришга қаратилган махсус дарслар ёки тарбиявий дастурларни жорий этиш зарур. Қолаверса, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали бундай ҳолатларни кенг ёритиш, уларни қоралаш ва жамиятда муросасиз муносабатни шакллантириш лозим. Шунингдек, ҳайвонларни ҳимоя қилувчи жамоатчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, волонтёрлик ҳаракатларини кенгайтириш ҳам ижобий натижа бериши мумкин.
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат жамиятнинг инсонийлик даражасини синовдан ўтказадиган муҳим мезон. Бугун кузатилаётган ҳолатлар эса бу борада ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигини кўрсатмоқда. Қонунчиликни кучайтириш, таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик назоратини ошириш ҳамда ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятини кучайтириш орқали бу муаммонинг олдини олиш мумкин.
Энг муҳими, жамиятда битта қатъий тушунча шаклланиши зарур. Яъни, ҳайвонларга нисбатан зўравонлик оддий қоидабузарлик эмас, балки инсонийликка зид бўлган жиддий жиноят. Ана шундагина бундай ҳолатлар камаяди ва жамият янада меҳр-шафқатли, онгли ва хавфсиз муҳитга айланиши мумкин.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА