Наркотиклар муомаласига оид қонун такомиллаштирилади
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар инсон саломатлиги ва ҳаётини издан чиқарадиган хавфли воситалардир. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда дунёда 300 миллионга яқин шахс гиёҳвандликка чалинган бўлиб, шундан аксарият қисми 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этмоқда. Бундан ташқари, дунёда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи психофаол моддалар истеъмолчилари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан кенг муҳокама қилинди.
Қонун ташаббускорларининг айтишича, амалдаги қонун бундан 25 йил аввал ишлаб чиқилган. Уни бугунги ҳаётий вазиятларга дахлдор ҳолатлар учун янада такомиллаштириш зарур. Жумладан, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласининг назоратини кучайтириш, ёшлар орасида уларнинг истеъмоли оммалашиб бораётганига қарши кескин кураш олиб бориш, соҳага рақамли бошқарув тизимини кенг жорий этиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг муомаласи устидан давлат назоратини тўлиқ ўрнатиш лозим.
Шундан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга. Муҳокамаларда депутатлар қонун лойиҳаси бўйича айрим таклифларни билдирди. Жумладан, фракция аъзоси З.Зоҳидов гиёҳванд модда истеъмол қилган шахслар электрон ахборот базасида рўйхатда турувчи фуқароларга келгусида ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш тартибини қайта кўриб чиқиш таклифини илгари сурди.
Депутат А.Темиров эса наркожиноятларга қарши курашишни тарғиб қилган фуқароларни рағбатлантириш механизми янги қонун лойиҳасида қандай акс эттирилаётгани билан қизиқди. Фракциянинг яна бир аъзоси Қ.Қосимова тиббиётда ҳам жуда кўплаб дори-дармон воситалари таркибида ушбу моддалар бўлишини, мазкур қонун лойиҳаси улардан тиббий мақсадларда фойдаланишни чекламаслиги лозимлигини таъкидлади.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.
М.Комилова,
ЎзА