Тиббиёт ютуқлари: шифокорларимиз томонидан яна бир юқори технологик мураккаб амалиёт ўзлаштирилди
Миллий тиббиёт марказида бош мия аневризмини стентлаш мустақил бажарилмоқда.
Гар шундаки, Марказда яна бир муҳим ютуққа эришилиб, илк бор бош мия қон томири аневризмини стентлаш амалиёти маҳаллий мутахассислар – малакали рентген-эндоваскуляр жарроҳлар томонидан мустақил равишда муваффақиятли бажарила бошланди.
Илгари юртимизда бу каби ўта мураккаб ва юқори аниқликни талаб қилувчи юқори технологик амалиётлар асосан хорижий мутахассислар иштирокида амалга оширилган бўлса, бугунги кунга келиб маҳаллий шифокорларимизнинг юқори салоҳияти ва маҳорати туфайли бундай муолажаларнинг мустақил равишда ўзлаштирилгани соҳадаги улкан ўзгаришларнинг яққол намунасидир.
Жумладан, яқинда Сурхондарё вилоятилик 55 ёшли бемор Марказга мурожаат қилган эди. Узоқ вақт давомида кузатилган бош айланиши ва кўриш қобилиятининг хиралашиши каби безовталиклардан азият чеккан фуқаро чуқур тиббий текширувлардан ўтказилгач, мутахассислар томонидан унга жиддий хасталик – бош мия аневризмаси ташхиси қўйилди.
Тиббиёт илмида аневризма деб қон томири деворининг заифлашиши ва нозиклашиши натижасида унинг бир қисми бўртиб чиқишига айтилади. Айниқса, бош мия қон томирларида юзага келадиган бундай патологик ҳолатлар бемор ҳаёти ва соғлиғи учун ўта хавфли бўлиб, вақтида даво чоралари кўрилмаса, жиддий ва оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу сабабли шифокорлар томонидан замонавий ва кам инвазив усул ҳисобланган стентлашни қўллашга қарор қилинди. Мазкур муолажа қон томири ичига махсус мослама – стент ўрнатиш орқали бажарилади. Жараён қон томири орқали киритиладиган ингичка катетер ёрдамида амалга оширилиб, одатдагидек бош суягини очиш талаб этилмайди.
Шифокорларнинг таъкидлашича, бу, ўз навбатида, тўқималарга камроқ шикаст етказиш, операциядан кейинги тикланиш даврини сезиларли даражада қисқартириш ҳамда беморнинг соғлом ҳаётга тезроқ қайтишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Миллий тиббиёт маркази шифокорларининг бундай юқори марраларни забт этиши мамлакатимизда тиббиёт соҳаси жадал равишда ривожланиб, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида энг илғор технологиялар муваффақиятли татбиқ этилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА