Мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига жисмоний ҳамда юридик шахслардан турли мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларнинг катта қисми инсофсиз рақобат, давлат харидлари ва нотурар жойларни харид қилиш жараёнида юзага келган муаммолар билан боғлиқ. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат қонун асосида чуқур ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоятида “Choсoсream” МЧЖ томонидан келиб тушган мурожаатда Самарқанд шаҳридаги “Mexmet Sweats” ОК “JAMMIE DODGERS” ва “ZAVARIKI” номи билан, “СЛАДОК” товар белгисига ўхшаш маҳсулот ишлаб чиқариб, бозорда адаштириш ҳолатига йўл қўйгани қайд этилди. Ўрганишда “СЛАДОК” товар белгиси 2019 йилда патентлангани маълум бўлди. Натижада, махсус комиссия “Mexmet Sweats” ОКга нисбатан иш қўзғатиб, қонунбузарликни бартараф этиш бўйича кўрсатма берди.
Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро томонидан нотурар бино харид қилиш жараёнида шартнома бекор қилинганига қарамай, тўловлар қайтарилмагани юзасидан мурожаат келиб тушди. Ўрганишларда истеъмолчи ҳуқуқлари бузилгани аниқланиб, “Ark buloq karvonsaroyi” МЧЖ томонидан мурожаатчига 25 миллион сўм қайтарилди. Қолган суммалар ҳам келишувга асосан тўлаб борилади.
Навоий вилояти “Навоий дори-дармон” АЖ томонидан олдиндан розилик олмасдан “Авецина гранд” МЧЖ ташкил этилгани аниқланди. Бу ҳолат “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши сифатида баҳоланиб, махсус комиссия томонидан иш қўзғатилди ва қонунбузарликни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилди.
Шунингдек, Бухоро вилояти Ромитан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ўтказилган тендер қонун талабларига мувофиқлиги ҳам ўрганилди. Айрим иштирокчилар талабларга тўлиқ жавоб бермаган бўлса-да, харид комиссияси баҳолашда адолатсизликка йўл қўйгани маълум бўлди. Натижада, “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси бузилгани қайд этилди ва тегишли кўрсатма берилди.
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ҳар бир мурожаат жиддий ўрганилмоқда. Инсофсиз рақобат ҳолатларига қарши қатъий чора кўрилиши тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини таъминлайди. Шу билан бирга, давлат харидлари жараёнида адолат ва шаффофликни ошириш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА