Мен сенга эртага етурман, албат!
Замир Муроднинг қайноқ мисраларни ўқиб, киши беихтиёр шу хулосага келади: шоирлик қисмат эмас, балки ижодкорнинг энг муҳим бир аъзосидек гап!
"Тушимга кирмай қўйган тунларинг" туркумидан
Замир Мурод 1987 йил 19 февралда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Янгиқишлоқ маҳалласида туғилган.
2011 йил Ўзбекистон Миллий университетининг Ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Шеърлари "Шарқ юлдузи" журнали, "Адабиёт зиёси" газетаси ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чоп этилган.
Туғилган она юрт, ўсиб-улғайган жамият ва ижтимоий-маданий муҳит ижодкорнинг фақат тақдирига эмас, балки унинг эстетик идроки ҳамда ижодига ҳам таъсир ўтказади. Замир Мурод ижодида табиат ва инсон ўртасидаги мувозанат ифодаланади. Шоир ўз шеърларида киши ва унинг ички кечинмалари, туйғулари борасида мушоҳада юритади.Замир Муроднинг қайноқ мисраларни ўқиб, киши беихтиёр шу хулосага келади: шоирлик қисмат эмас, балки ижодкорнинг энг муҳим бир аъзосидек гап!
Атов шеърлар
1. Дунё
Шарқ.
Тонг отар, уйғонар она ер, борлиқ.
Ғарб.
Кун ботар, тўлғонар она ер, борлиқ.
Шимол.
Мудроқ кўзларини очган болакай,
Титраб, қалтирайди совуқ ўрмонда.
Жануб.
Саҳро, қумлоқларда карвонлар изи,
Очиқ қўл одамлар боқар осмонга.
2. Фасллар
Баҳор.
Уйғунлик, қалбдаги туйғулар ранги.
Ёз.
Саратон. Дилхунлик. Ҳислар жаранги.
Куз.
Сўлғинлик. Баргларнинг ҳазонрезгиси,
Япроқлар шивири. Ёмғирлар саси.
Қиш.
Қаҳратон. Ҳорғинлик. Софлик белгиси,
Сочимдаги оқлик. Ёшлик нафаси.
3. Кеча ва кундуз
Кун.
Нурли юзларимнинг кулгу, ҳандаси.
Шом.
Кулгудан қизарган ҳаё пардаси.
Тун.
Сунбул сочлари-ла бўйнимдан бўғиб,
Киприк-қошлари-ла бағрим тилган қиз.
Тонг.
Битди кўзларимда милтираган ёш,
Лаблар аро қолдим муаллақ, ёлғиз.
4. Ижод
Шеър.
Мужда бўлиб келган қофиядош сўз.
Шоир.
Тақдирига қул, кўнглига сарбоз.
Қалам.
Яралган. Яратган коинот, зарра,
Неки тақдир бўлса ёзмоққа маҳкум.
Илҳом.
Туйғулар қаноти. Оққуш. Фаришта.
Кўнгил ибодати. Илоҳий бир дам.
* * *
Деразам ортидан боқурман сенга,
Хаёл олиб кетар олис уфқ сари.
Йироқдан жим кулиб боқурcан менга,
Орамиз йироқдир, дунёдан нари.
Ўртада айролик, ҳижрон, олис тун,
Мен сенга эртага етурман, албат!
Яқиндир ўша он, туғар янги кун,
Унгача қалбимдан кетмай тур фақат.
Деразам ортидан боқурман сенга,
Мен сенга эртага етурман, албат.
* * *
Бандидан узилди, тўкилди япроқ,
Табиат ҳукмига эгиб бошини.
Ногоҳон кўз очди, уйғонди булоқ,
Тилкалаб заминнинг бағри, тошини.
Кимга ҳаёт берар, кимгадир ўлим,
Шошқалоқ, бевафо, фоний лаҳзалар.
Қайдадир сукунат, тинчлик ҳукмрон,
Қайда қўрқув ортар оний ларзадан.
Булут замин узра ташлабон соя,
Тўкади аламли аччиқ ёшини.
Тоғлар бардош ила тиклабон қоя,
Кўтарар адирнинг эгик бошини.
Гоҳида денгизлар қирғоқдан тошар,
Соғиниб олисда қолган қумлоқни.
Шамоллар бесамар югурар шошар,
Ахтариб хароба манзил, овлоқни.
Она тилим
Ўлан айтган момоларим,
Достон айтган боболарим,
Не ҳол бу кун тилимизни,
Сотмоқда тилгадоларим.
Чет тилини билган яхши,
Ошно қилар юракларни.
Ўз тилида сўзлай билмас,
Кўрдим неча чувакларни.
Онанг ўзбек, отанг ўзбек,
Сўзласангчи ўзбекчада.
Ажнабий сўз, луқмаларни
Гапирмагин сен кўчада.
Тил миллатнинг ойнасидир,
Ойна тутгил ўзингга сен.
Тил миллатнинг онасидир,
Оқ бўлмагин сўзингга сен.
Она тилим, ота тилим,
Мен боламга асрай сени.
Тилдан кечмоқ элга ўлим,
Тилни ўлдир? Ўлдир мени!
* * *
Мен сени эсламасам,
Сен мени эслармидинг.
Сен мени эсламасанг,
Мен сени эслармидим.
Тинчлик бермас хаёлинг,
На уйқу, на ҳушимда.
Уйғонаман жамолинг,
Ҳар тонг кўриб тушимда.
Ташлаб дилни фироққа,
Қайга кеттинг муҳаббат.
Охири йўқ қийноққа,
Дучор эттинг муҳаббат.
Изларингни излайман,
Ўтдингми деб кўчадан.
Кўзларингни излайман,
Ҳар юлдуз, ҳар кечадан.
Кулгичларинг ёқарди,
Мудом шундай кулиб юр.
Келмасангда ўнгимда,
Тушларимга кириб тур.
* * *
Тонгда туриб ёр сочини тарайдими,
Шаббодалар деразадан қарайдими,
Ишқ ҳақида ёки ундан сўрайдими,
Деразадан кириб тургил, эй шаббода,
Мен учун ҳам ёрни кўргил, эй шаббода.
Айтолмаган сўзларимни ёрга айтгин,
Ёзибди де сенга атаб гўзал байтин,
Ёр атрини, бўйларини олиб қайтгин,
Деразадан кириб тургил, эй шаббода,
Мен учун ҳам ёрни кўргил, эй шаббода.
Кечалари кўзларимга келмас уйқу,
Кундузлари юрагимни эзар қайғу,
Севги ҳижрон, севги азоб, севги оғу,
Деразадан кириб тургил, эй шаббода,
Мен учун ҳам ёрни кўргил, эй шаббода.
Муҳаббат деб эгилдими баланд тоғлар,
Борми ўзи бу дунёда бағри соғлар,
Қайда қолди, қайда ўшал гўзал чоғлар,
Деразадан кириб тургил, эй шаббода,
Мен учун ҳам ёрни кўргил, эй шаббода.
Ёмғир бўлиб ёғар менинг кўз ёшларим,
Олов бўлар қалбимдаги оташларим,
Тугамасдан танда тоқат, бардошларим,
Деразадан кириб тургил, эй шаббода,
Мен учун ҳам ёрни кўргил, эй шаббода.
* * *
Эрта саҳар тушганда шабнам,
Парвонасиз сўнганда чўғ-шам,
Юрагимга ўт ёққан санам,
Сени яна тушимда кўрдим.
Сени излаб учар юлдузлар,
Эриб битар шимолда музлар,
Соғинаман сени кундузлар,
Сени яна тушимда кўрдим.
Қон йиғлайди қизғалдоқ, лола,
Шошиб тушар тоғдан шалола,
Чалар торим маҳзун куй, нола,
Сени яна тушимда кўрдим.
Нетай ахир кўзларинг гўзал,
Ой беркинган юзларинг гўзал,
Ёддан чиқмас сўзларинг гўзал,
Сени яна тушимда кўрдим.
Севги хаёл қучиб ҳам бўлмас,
Севги заҳар ичиб ҳам бўлмас,
Севги ҳаёт кечиб ҳам бўлмас,
Сени яна тушимда кўрдим.
Керак эмас Лайло-Кумушлар,
Менга ҳамроҳ, ҳамроз оққушлар,
Уйқудан ҳам шириндир тушлар,
Сени яна тушимда кўрдим.