Мен ҳам ўхшайманми Ўзбекистонга?
Шоир Эшқобил ШУКУРнинг юрт ҳақидаги ўтли мисралари.
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!
ЮРТ
Ҳорғин далаларда ҳориган синглим,
Ҳар кун тонгдан олдин ёриган синглим,
Сен жуда ўхшайсан Ўзбекистонга,
Гулзорлар зорида зориган синглим.
Тупроқдай хокисор, безавол отам,
Ҳақнинг қаршисида зўр савол отам,
Сен жуда ўхшайсан Ўзбекистонга,
Томчи манглай тери минг увол отам.
Орзулар энаси армонваш онам,
Куюнчак, суюнчак, кўп дардкаш онам,
Сен жуда ўхшайсан Ўзбекистонга,
Оқшомлар ўй суриб, кўнгли ғаш онам.
Саҳар мактабига шошилган болам,
Нигоҳлари тонгдай очилган болам,
Сен жуда ўхшайсан Ўзбекистонга,
Аста-аста элга қўшилган болам.
Қанча нафс қуллари “зўр”ларни кўрдим,
Олтин елкалаган гўрларни кўрдим.
Улар ҳеч ўхшамас Ўзбекистонга,
Ватанхўр, миллатхўр, хўрларни кўрдим.
Билмайман, недандир алағда кўнглим,
Сиздан уяламан онам ва синглим.
Мен ҳам ўхшайманми Ўзбекистонга,
Бир гардинг юққанми менга ҳам элим?
Мен ҳам ўхшайманми Ўзбекистонга?..
ОРЗУ
Даҳолар кўнглига чўғ ташлаган сир,
Осмон мактубларин мангу мавзуси.
Азал зулматларин кесиб ўтган нур –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.
Минг йиллар бери-ю, минг йиллар нари,
Юлдузлар остида, замин устида
Ўтди қанча жаҳон пайғамбарлари
Шу ният дастида, шу ўй қасдида.
Қанча тарихларни қум босганида,
Селларда қолганда эллар қайғуси,
Нишлайверди пирлар қабристонида –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.
Ўзинг асра бизни, эй қодир худо,
Пасткаш заволидан, аблах ҳолидан.
Разил кимсалардай қилмагил жудо
Инсонни инсонлик истиқболидан.
Яссавийни буюк чиллага солган,
Навоий қалбининг олий туйғуси.
Бухорий бошида ойдай юксалган –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.
Не азиз қадим ва янги дунёда,
Келар кунларимми, қолар изларим?
Мангу йўлдош бўлиб Амударёга
“Инсон!” деб ҳайқирар Тирмизийларим.
Даҳолар кўнглига чўғ ташлаган сир,
Осмон мактубларин мангу мавзуси.
Азал зулматларин кесиб ўтган нур –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.
ҚИШЛОҚҚА ҚАЙТИШ
Ғунчалайди эртага гуллар,
Куртаклайди дарахтлар яна.
Уйғонади ухлаган йўллар,
Уйимизга қайтаман, она...
Елкасига миндириб қирлар,
Отам каби ўйнатар шодмон.
Қизғалдоқлар тутиб қабрлар,
Мен ёмонга тилашар омон.
Осмон кўрдим ойларга тўла,
Замин кўрдим юлдузларга мўл.
Кўксим тўла шамоллар ила
Қайтаяпман, чор тарафим йўл...
Йўл бошлайди унут бир ўлан
Ва руҳимда оғир тантана.
Кўза-кўза кўзёшлар билан
Уйимизга қайтаяпман, она.
Эшқобил ШУКУР,
шоир