Меҳридарё устозлар доим ардоқда
Ўқитувчилик машаққатли, ҳам шарафли касб экани кўп бора эътироф этилган. Унинг машаққати улғайиб келаётган авлодга билим ва тарбия бериш, билмаганини ўргатиш бўлса, масъулияти ёш авлоднинг келажаги, тақдири, эртанги кунда қандай инсон бўлиб камолга етиши билан чамбарчас боғлиқ.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Ўқитувчилик машаққатли, ҳам шарафли касб экани кўп бора эътироф этилган. Унинг машаққати улғайиб келаётган авлодга билим ва тарбия бериш, билмаганини ўргатиш бўлса, масъулияти ёш авлоднинг келажаги, тақдири, эртанги кунда қандай инсон бўлиб камолга етиши билан чамбарчас боғлиқ.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида ўқитиш тизимининг халқчиллигини таъминлаш, унинг тобора ижтимоийлашувига аҳамият қаратиш, бунда ўқитувчи ва мураббийлар, маърифат фидойилари, олимлар, ота-оналар, экспертлар, қолаверса, ўғил-қизларнинг орзу-истаклари, мақсад-муддаолари инобатга олинган ҳолда кенг ва атрофлича ёндашилмоқда. Сўнгги уч йил мобайнида таълим соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ўн бир йиллик таълимга ўтиш, ўқитиш сифатини тубдан яхшилаш, болалардаги иқтидор қирраларини эрта аниқлаш, уларни тўғри йўналтириш, таълим олиш имкониятларини тобора кенгайтириш ва бошқа жиҳатларда яққол намоён бўлмоқда.
Бу борадаги ижобий ўзгаришлар жараёнида ўқитувчилар меҳнатини эъзозлаш, уларни ортиқча ва кераксиз, фаолияти билан боғлиқ бўлмаган юмушларга жалб этмаслик, педагогларнинг касбий малака ва маҳоратини янада ошириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш йўлида амалий қадамлар қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 август куни қабул қилган “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори таълим-тарбия соҳасида қонун бузилиши ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиш, уларни бартараф этиш, жойларда ёшларни қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назоратни ўрганиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилашни кўзда тутиши билан аҳамиятли бўлди.
Умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкаларини ошириш, бунда мактаб директоридан тортиб, кутубхоначи, психолог, барча тоифадаги ўқитувчилар меҳнатини қадрлашга жиддий эътибор қаратилди.
Жорий йилнинг 23 август куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни тубдан такомиллаштириш, мактаб таълимига эътиборни янада кучайтириш, педагогларнинг ўз касбига бўлган масъулиятини ошириш бўйича янгидан-янги вазифалар белгиланди.
Аслида ҳам азалдан халқимизда ўқитувчи касби, унинг ғоят мураккаб меҳнати эъзозлаб келинган. Зеро, мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг мактаб таълими соҳасида фаолият кўрсатаётган педагогларидан бир гуруҳи Ватанимизнинг олий мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани айни эътиборнинг амалий ифодасидир. Бу эса юртимизнинг барча ўқитувчилари ўз касбига садоқати, фидойилиги, ҳалол меҳнати, изланишига берилган юксак баҳодир.
Жонкуяр педагог, Ўзбекистон Қаҳрамони Мавлуда Исматова кўп йиллар мобайнида пойтахтимиз мактабларида она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, директор сифатида меҳнат қилган. Опа эллик йилдан зиёд педагоглик фаолияти давомида ўзини моҳир ўқитувчи, ёшларнинг севимли устози, ўқув-тарбия жараёнларини илмий асосда ташкил этиш, таълимни ҳаёт ва амалиёт билан уйғунлаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш борасида катта салоҳиятга эга бўлган билимдон мутахассис сифатида намоён эта олган педагоглардан бири эди. Ана шундай эзгу фазилатлари билан мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишга, ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшди.
Яна бир Қаҳрамон педагог Хива шаҳридаги 20-сонли Меҳрибонлик уйи директори Вера Пак ота-она меҳридан бебаҳра қолган болалар билан тил топишишда, уларнинг оғриқларига малҳам бўлишда, ҳаётий кўникмаларини тўғри шакллантириш, болаларга илк даврдан Ватанга муҳаббат, фидойилик, садоқат туйғуларини сингдиришда тенгсиз мураббий эди.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлиб, ўз билими, меҳнати билан барчага ўрнак педагоглар юртимиз маърифий жамоатчилиги фахри саналади. Қўқонлик математика ўқитувчиси Манзурахон Мадалиева, жиззахлик Марат Зокиров, хоразмлик Анор Маҳмудова, шаҳрихонлик Камолиддин Ғопиров каби ўқитувчиларимизнинг жонкуярлиги, касбига садоқати, катта иш тажрибаси юртимизнинг аксарият ўқитувчи ва мураббийлари учун ибрат ва намунадир.
Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори бўлиб ишлаган Муҳаббат Шарапова ўқувчиларга билим беришда, изланишга ундашда, болаларнинг меҳрини қозонишда ғоят уста педагог. Ушбу мактаб-интернат ўқувчилари олий ўқув юртига кириш, республика ва халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришишда ҳам етакчи ўринларда туриши Муҳаббат опа каби касбини мукаммал эгаллаган педагогларнинг саъй-ҳаракатлари туфайлидир.
Бугунги кунда юртимизда ёшларни юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаётган кўплаб ўқитувчи ва мураббийларимиз, меҳридарё устозлар “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси“, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси“, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими“ каби унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланмоқда. Бу эса устоз ва мураббийларнинг меҳнатига давлатимиз, жамиятимиз, халқимиз берган юксак эҳтиромининг амалий намунасидир.