КХДР Жанубий Кореяга қарата ўта кескин баёнот берди (+видео)
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат ташқи сиёсатида кескин бурилиш ясаб, Жанубий Кореяни расман “биринчи рақамли душман давлат” деб атади. У КХДР Олий халқ мажлисидаги нутқида мамлакатнинг ядровий мақоми ўзгармаслиги, айни йўналишда ортга қайтилмаслигини қатъий таъкидлади.
Етакчи фикрича, ядровий қурол фақат ҳарбий восита эмас, балки давлат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорликнинг асосий кафолатидир. Шу муносабат билан Пхеньян ядровий қуролсизланиш эвазига таклиф қилинаётган ҳар қандай иқтисодий имтиёз ёки хавфсизлик кафолатини рад этмоқда. Қолаверса, кучли ядровий тийиб туриш тизими мамлакатга ички ресурсларни иқтисодий тараққиётни таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга йўналтириш имконини бераётгани таъкидланди.
Пхеньян дунёда кучнинг аҳамияти ортиб бораётган шароитда ядро қуроли суверенитетни сақлаб қолишнинг энг муҳим воситаси, деб ҳисобламоқда.
КХДР Корея ярим оролини тинч йўл билан бирлаштириш ғоясидан воз кечгани яна бир жиддий ўзгариш сифатида намоён бўлди. Энди Сеул “қардош давлат” сифатида эмас, балки бевосита рақиб, ҳатто душман сифатида кўриляпти.
Ким Чен Ин, агар Жанубий Корея томонидан суверенитетга кичик тажовуз бўлса ҳам кескин, шафқатсиз жавоб қайтарилишини билдирди.
Таҳлилчилар фикрича, бундай кескин баёнотлар нафақат Сеул, балки АҚШ ва минтақадаги бошқа рақобатчи юртларга ҳам қаратилган. Пхеньян Американинг ҳарбий иштироки, минтақада ўз ядровий воситаларини жойлаштиришини жиддий хавф, деб билади.
Жанублик эксперт Лим Юл-чул таъкидлашича, Корея Халқ Демократик Республикаси энди Жанубий Кореяни алоҳида давлат сифатида тан олмасдан, музокара жараёнидан четлатиш стратегиясига ўтган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dsiTWR6BTxE" title="KXDR Janubiy Koreyaga qarata o‘ta keskin bayonot berdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ф.Яхшибоева,
У.Тўхтаев (видеомуҳандис), ЎзА