Марғилон — атласлар шаҳрида байрам шукуҳи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Марғилон шаҳридаги “Водий гавҳари” — “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида VII халқаро “Атлас байрами” фестивали доирасида халқ сайиллари кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Қадимий ва навқирон Марғилоннинг ўзига хос муҳити, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва бой маданияти мужассам бўлган ушбу масканда юртимиз ва хориждан ташриф буюрган меҳмонлар жам бўлди. Байрамона безатилган ҳудудда миллий либослар, ранг-баранг атлас ва адрас матолари, ҳунармандлар маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Фестиваль доирасидаги халқ сайилларида миллий урф-одат ва қадриятларимиз, анъанавий ҳунармандчилик намуналари, мусиқа ва санъат чиқишлари кенг намойиш этилмоқда. Айниқса, Марғилон атласининг бетакрор жилоси, миллий либослардаги ранглар уйғунлиги байрамга алоҳида файз бағишламоқда.
[gallery-31487]
Сайил майдонида ҳунармандлар ўз маҳоратини намойиш этиб, ипак мато тўқиш, унга ранг бериш ва миллий нақшларни яратиш жараёнлари билан меҳмонларни таништирмоқда. Ҳар бир буюмда асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунар, меҳнат ва юксак дид мужассам.
Турли ҳудудлардан ташриф буюрган иштирокчиларнинг миллий либослари, рақс ва куй-қўшиқлари фестивалга янада кўтаринки руҳ бағишламоқда. Сайилгоҳдаги жонланиш, болаларнинг қувноқ кулгуси, ҳунармандлар ва меҳмонлар ўртасидаги самимий мулоқотлар байрам муҳитини янада жозибадор этмоқда.
“Атлас байрами” миллий матолар ва ҳунармандчилик анъаналарини тарғиб этиш, миллий маданият ва санъатни кенг намойиш этишга хизмат қилмоқда.
Марғилоннинг қадимий ҳунармандчилик мактаби, атлас ва адраснинг бетакрор нақшлари, миллий санъат ва халқ сайлининг шодумон манзаралари фестивалнинг ўзига хос муҳитини яратмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА