Қонунбузарликлар аниқланди
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси Экополициясининг тезкор гуруҳи ҳамда туман инспекторлари томонидан навбатдаги назорат-рейд тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида Элликқалъа тумани “Чуқурқоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қизилқум” захира ер майдонида фуқаро М.Ж. яна уч нафар фуқаро билан биргаликда УАЗ русумли автомашинада бўлганлиги аниқланди. Назорат тадбири жараёнида фуқаролар томонидан ов қуроли, ўқ-дорилар ҳамда овланган 5 дона қуённи ерга кўмиб, воқеа жойини тарк этишга уринганлиги кузатилди. Кейинчалик улар мазкур кўмилган ашёларнинг ўзларига тегишли эмаслигини маълум қилган.

Аммо ҳолат юзасидан ўтказилган дастлабки текширув натижасида кўмилган жойдан аниқланган ов қуролига тегишли ҳужжатлар орасида фуқаро М.Ж.нинг номига расмийлаштирилган ҳужжатлар мавжудлиги аниқланди.
Яна бир ҳолатда Экополициянинг Чимбой тумани бўлими томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор рейд тадбирида “Бахтли” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўтувчи каналдан Нукус шаҳрида яшовчи фуқаролар Ш.К. ва К.Ж. ва Т.М.лар томонидан қонунбузарлик содир этилаётгани маълум бўлди. Улар ноқонуний равишда 2 дона зоғора, 3 дона оқ балиқ, 7 дона оқ амур, 1 дона кумуш товон балиқ, 1 дона лаққа, 3 дона судак балиғини овлаш натижасида табиатга 56 миллион 444 минг сўм зарар келтиргани аниқланди.

Иккита ҳолат юзасидан белгиланган тартибда зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқароларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ваколатли органларга юборилди.
Тезкор гуруҳ томонидан навбатдаги рейд тадбири давомида Қонликўл туманида фуқаро А.И. томонидан ўзбошимчалик билан тупроқ юклаб кетаётган пайтида ашёвий далил билан тўхтатиб қолинди. Ҳолат юзасидан қонунбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисмига асосан 4 миллион 120 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди. Таъкидлаш жоизки, табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири