Мактаб ва университет ҳамкорлиги
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактаблар ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика ва ўзбек филологияси факультети Рус тилшунослиги кафедраси Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 191-сонли умумтаълим мактаби билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.
2025-2026 ўқув йили давомида мазкур ҳамкорлик доирасида ўқув, илмий-услубий, маънавий-маърифий ва касбга йўналтириш ишлари амалга оширилди. Бу жараёнда ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, педагогларнинг касбий маҳоратини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

– Ҳамкорлик доирасида кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан синтаксис, орфография, фразеология ва нутқ маданияти бўйича маҳорат дарслари ҳамда очиқ машғулотлар ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон Миллий университети Журналистика ва ўзбек филологияси факультети Рус тилшунослиги кафедраси катта ўқитувчиси Файзилат Мақсудова. – Интерфаол методлар ўқувчиларнинг рус тилига қизиқишини ошириш, танқидий фикрлаш ва мулоқот кўникмаларини ривожлантиришда самара бермоқда.

Ўқув йили давомида давлат тили куни, Конституция куни, Ватан ҳимоячилари куни, шунингдек, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Айниқса, Туркманистондан келган талабалар иштирокида ташкил этилган “Туркманистон. Туркман халқининг миллий анъаналари ва урф-одатлари” мавзусидаги учрашув ўқувчиларда маданиятлараро мулоқот ва бағрикенглик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Шу билан бирга, 191-сонли мактаб ўқитувчилари халқаро илмий-амалий конференцияларда иштирок этиб, ўз маърузалари билан қатнашди. Университет профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда қўшма илмий мақолалар тайёрланди. Кафедра магистрантлари эса иқтидорли ўқувчилар учун онлайн қўшимча машғулотлар ўтказиб келмоқда.
– Энг муҳими, бундай ҳамкорлик мактаб ва университет ўртасидаги узвий алоқани мустаҳкамлаб, ўқувчиларнинг келажакда касбини онгли танлаши, педагогларнинг илмий салоҳиятини ошириш ҳамда ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда, – дейди Ф. Мақсудова.

Дарҳақиқат, мазкур тажриба “мактаб – олий таълим муассасаси” интеграцияси таълим сифати ва тарбия самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА