Маҳалла фаолияти ўрганилди
Миробод туманидаги Темирйўлчилар маҳалласида бугунги кунда 3 минг 200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1 минг 100 нафари ёшлар, 1 минг 445 нафарини эса аёллар ташкил этади. Жорий йил ҳолатига кўра, 97 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Васила Файзиева ва ЎзМТДП вакиллари биргаликда мазкур маҳаллада ўрганиш ишларини олиб борди. Ўрганиш давомида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, хусусан, янги бино қурилиши заруратига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирда маҳалла ўзининг алоҳида биносига эга бўлмагани боис Тошкент транспорт техникуми биносида ажратилган хоналарда фаолият кўрсатмоқда.

Маҳалла раисининг айтишича, маҳалланинг янги биноси учун ер майдони ажратилган. Аммо унинг узоқлиги ҳам фуқароларга, ҳам ишловчиларга ноқулайлик туғдиради. Депутат мазкур масалани тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш юзасидан амалий чоралар кўрилишини билдирди.
Шунингдек, депутат Тошкент транспорт техникуми фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Ҳудуд хавфсизлигини таъминлаш ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Туман ИИО ФМБ бошлиғи Улуғбек Насриддинов томонидан Тошкент транспорт техникумига махсус инспектор-психолог бириктириш, ушбу амалиётни бошқа таълим муассасалари, жумладан, хусусий таълим даргоҳларида ҳам жорий этиш, шунингдек, ички ишлар органлари билан ҳамкорликда шартнома асосида қўриқлаш хизматларини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.
Инспектор-психолог бириктирилиши таълим муассасасида хавфсиз ва соғлом психологик муҳит яратиш ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим омил экани қайд этилди.
Ташриф доирасида техникум ёшлари билан очиқ мулоқот қилиниб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.
М.Комилова,
ЎзА