Фарғона меъморлари тажрибаси ўрганилмоқда
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида очилган Марғилондаги “Бурҳониддин Марғиноний” мажмуаси ҳар куни узоқ-яқиндан келаётган меҳмонлар, сайёҳлар билан гавжум. Мана энди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги қурувчи ва меъморлар делегацияси мазкур илғор тажрибалар, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Делегацияга вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамроҳлик қилмоқда.
Меҳмонлар Марғилон шаҳрида жойлашган “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида барпо этилган маданият ва хизмат кўрсатиш объектлари билан танишди. Мазкур мажмуа миллий меъморчилик анъаналари, Марғилоннинг бой тарихи ҳамда замонавий туризм талаблари уйғунлигида барпо этилган бўлиб, қадимий шаҳар ҳудудида ўзига хос шаҳарча сифатида шакллантирилган. 35 гектар майдонни эгаллаган мажмуада сайёҳлар учун барча зарур шароит яратилган.

Мажмуанинг асосий йўналишларидан бири буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишдан иборат. Шу билан бирга, ҳудудда қадимий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Шунингдек, меҳмонлар “Отабек ва Кумуш уйи музейи” билан ҳам танишдилар. Унинг экспозицияларида “Ўткан кунлар” асари саҳналари бадиий тарзда жонлантирилган бўлиб, адабиёт ва тарих уйғунлигида ноёб муҳит яратилган.
Мажмуадаги мақом театри, шоир ва рассомлар хиёбони, кутубхона ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари. Бухоро вилояти делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди. Улар мажмуада амалга оширилган бунёдкорлик ишларини юқори баҳолаб, “Боқий Бухоро” мажмуасидаги иншоотларни лойиҳалашда таҳлилий маълумот сифатида қаралиши мумкинлигини айтилар.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА