Мадридда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди
Испания пойтахти Мадрид шаҳрида буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир нуфузли Casa Arabe маданият марказида ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистоннинг Испания Қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Фаррух Турсунов, Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, Испания шарқшунослар ассоциацияси бош котиби Хесус Гил Фуэнсанта, Темурийлар Ассоциацияси президенти Фредерик Брессанд ҳамда Mueller & Schindler раҳбарияти вакиллари иштирок этиб, маърузалар билан чиқиш қилди.
Мазкур илмий-маърифий форум Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган юбилей тадбирларининг мантиқий давоми бўлди. Давлат раҳбарининг қарорига мувофиқ, Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги мамлакатда кенг нишонланмоқда, апрель ойи эса Амир Темур ойлиги сифатида эълон қилинган.
Юбилей тадбирлари Ўзбекистонда ҳам кенг кўламда бошланди. Жумладан, жорий йил 8–12 апрель кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Амир Темур ва Темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрнига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Мадриддаги форумнинг айнан шу ҳудудда ташкил этилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу шаҳар Самарқандга ташриф буюриб, Темур давлати ҳақида муҳим ёзма манбалар қолдирган испан элчиси ва йилномачиси Ruy Gonzаlez de Clavijo номи билан боғлиқ. Унинг асарлари Темурийлар даври тарихи бўйича энг ишончли манбалардан бири сифатида эътироф этилади.
Форумда Осиё, Европа Иттифоқи ва Лотин Америкасидан 70 дан ортиқ олимлар, тадқиқотчилар, дипломатлар ва маданият арбоблари қатнашди. Бу эса Темурийлар меросига бўлган халқаро қизиқиш юқори даражада эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Тадбирни очиб берган элчи Фаррух Турсунов Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бораётганини, айниқса гуманитар соҳадаги ҳамкорлик кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Асосий маъруза билан чиққан Хайриддин Султонов бугунги геосиёсий шароитда давлатлар ўртасидаги ишонч ва мулоқотни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон очиқ ва тинчликпарвар ташқи сиёсат юритиб, маданий-гуманитар алоқаларни халқаро муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида ривожлантирмоқда.
Форум доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Унда миллий меросни ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ёритилди.

Фирдавс Абдухолиқов ўз чиқишида мазкур марказ фаолиятига тўхталиб, Темурийлар даврининг фан, маданият ва давлатчилик ривожига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у Темурийлар даврига оид қарийб 2000 та маданий мерос объекти Ўзбекистонга қайтарилганини маълум қилди.
Хуршид Файзиев эса Амир Темур шахсининг глобал тарихий аҳамияти ва Темурийлар даврининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига таъсирига урғу берди. Тадбирда намойиш этилган замонавий мультимедиа материаллари ушбу бой меросни янада ёрқин намоён этди.
Форум иштирокчилари ҳам тадбирни юқори баҳоладилар.
“Бундай лойиҳалар ёш авлодга ўз тарихини чуқурроқ англаш ва уни минтақанинг асрлар давомидаги ривожланишининг кенгроқ контекстида кўриш имкониятини беради. Бу ҳам мамлакат фуқаролари, ҳам халқаро аудитория учун муҳим бўлиб, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёнинг маданий бойлигини очиб беради” деди, Фредерик Брессанд.
Хесус Гил Фуэнсанта эса Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилган ташаббуслар мамлакатнинг бой маданий меросини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эгалиги, бундай тадбирлар кенг халқаро аудиторияга Темурийлар даврининг ноёб мероси — ажойиб меъморий ёдгорликлардан тортиб, “Зафарнома” ва “Бобурнома” каби ёзма манбаларгача кириш имконини беришини таъкидлади.
Мадридда ўтган мазкур халқаро анжуман Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини нишонлаш шу тариқа глобал тус олганини, шунингдек, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётганини яна бир бор намоён этди.
М.Эшмирзаева, ЎзА