Кайсери – Турк дунёси маданияти пойтахти
Туркиянинг Kaйсери шаҳри ҳокими доктор Мемду Буюк Қилич Кайсери TÜRKSOY томонидан 2027 йил Турк дунёси маданияти пойтахти деб эълон қилинганини билдирди. Тарихий мероси, маданий бойлиги ва стратегик лойиҳалари билан ажралиб турадиган бу шаҳар туркий дунёнинг маданий учрашув нуқтасига айланиш арафасида турибди.
Шаҳар ҳокими кўп йиллик тайёргарлик ва тизимли ишлар натижасида ушбу нуфузли мақомга эришилганини таъкидлади.
Тарихдан “Онадўли муқаддимаси” дея таърифланадиган Кайсери шаҳри 6 000 йиллик тарихи ва бой маданий мероси туфайли ушбу шарафга муносиб топилди. Шаҳар тарихий обидалари, маданий меросни асраш ва қайта тиклашга қаратилган замонавий лойиҳалари билан ҳам диққат марказида.
– Бу муҳим воқеа Кайсерини туркий дунё маданий марказига айлантиради ва умумий тарихимиз, қадриятларимизни янада мустаҳкамлаб, келажакка олиб ўтишга хизмат қилади, – деди Мемду Буюк Қилич.
Шунингдек, у TÜRKSOY 1993 йил Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Туркия томонидан ташкил этилганини эслатиб, тузилма туркий маданиятни асраш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишда муҳим ўрин эгаллаётганини қайд этди.
Дарҳақиқат, TÜRKSOY ҳар йили “Турк Дунёси маданияти пойтахти” лойиҳаси доирасида танланган шаҳарда кўплаб маданий тадбирлар ўтказиб, туркий халқлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келяпти.
2026 йил Андижон, 2027 йил Кайсери маданий пойтахт сифатида танланиши туркий дунё интеграциясини кучайтириш, тарихий меросни асраш ва янги авлодга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу ташаббус нафақат маданият, балки туризм ва иқтисодий алоқалар ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Кайсери бундай ютуққа эришишида шаҳар ҳокимлиги бошчилигида амалга оширилган кенг қамровли ишлар муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, “Кайсери туризм мастер режаси” доирасида амалга оширилган лойиҳалар гастрономия, санъат, спорт ва маданият соҳаларида шаҳар жозибадорлигини сезиларли даражада оширади.
Шу билан бирга миллий ва халқаро майдонда олиб борилган тарғибот ишлари бу нуфузни янада мустаҳкамлади.
Туркия Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этиладиган “Маданият йўли фестивали” 2025 йилдан бошлаб Кайсерида ҳам ўтказилиши шаҳар маданий ҳаётини янада жонлантирди.
Кайсери гастрономия соҳасида UNESCOнинг “Creative Cities Network” таркибига кирган шаҳар сифатида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Кайсери шаҳри ҳокимлиги давлат идоралари, университетлар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда шаҳарни нафақат маданият пойтахти, балки туркий дунёнинг умумий мулоқот ва ҳамкорлик марказига айлантиришни мақсад қилган.
2027 йил учун режалаштирилган тадбирлар орқали Кайсери туркий халқлар маданий меросини кенг жамоатчиликка етказувчи муҳим платформага айланиши кутиляпти. Бундай саъй-ҳаракатлар шаҳарнинг туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Нодира Кайимова, ЎзА