Нурафшон шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесга кўмаклашиш дастурлари бўйича тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитларнинг ҳолати юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, тижорат банклари масъуллари, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимлари, тегишли мутахассислар иштирок этди.

Президентимизнинг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг жойлардаги ижроси танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, ҳудудларда жорий йил 1 апрелгача ҳар бир маҳаллага кредит ажратилиши белгиланган эди. Бироқ бугунги кунга келиб жами 1 минг 25 та маҳалладан бор йўғи 390 тасига маблағ берилган. 101 та маҳалла тадбиркорлари умуман кредит сертификати олмаган.

Бундан ташқари, 21 та тадбиркорнинг аризаси онлайн базада турли босқичларда қайтарилган бўлса, ҳозирги кунгача ижобий лойиҳа қайта тизимга киритилмаган. Бундай салбий ҳолатлар кўпроқ Янгийўл, Қибрай ва Паркент туманларига тўғри келмоқда.
Шунингдек, кредит олиш ва расмийлаштиришда энг паст кўрсаткичдаги шаҳар ва туманлар маълум қилиниб, бу борада тегишли мутасаддиларнинг ахбороти тингланди. Қайд этилганидек, “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида жорий йил давомида 1 393 нафар фуқарога 30 364 миллион сўм, “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида 1 061 нафар фуқарога 5 561 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.

Муҳокамалар давомида мавжуд камчиликларни қонуний тартибда бартараф қилиш, келгусида амалга ошириш лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири