Коррупцияга қарши курашишда ходимлар масъулияти оширилмоқда
Коррупцияга қарши самарали курашишда нафақат назорат механизмларини кучайтириш, балки ҳар бир ходимнинг қонунчилик талабларини билиши ва уларга амал қилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ходимларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, коррупциявий хавфларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
“Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖда коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорати масалаларига бағишланган тадбирда шу ҳақда сўз борди.

Семинарда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги амалдаги қонунчилик талаблари, ички назорат механизмлари ва ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришдаги масъулияти ҳақида тушунтиришлар берилди. Хусусан, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
–Коррупциянинг олдини олишда ҳар бир ходимнинг ёндашуви муҳим. Қонунчилик талабларига риоя қилиш, хизмат вазифаларини ҳалол ва холис бажариш, манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларга бефарқ бўлмаслик коррупциявий хавфларни камайтиришнинг муҳим омилларидандир. Шу сабабли ходимларнинг ҳуқуқий билими ва хабардорлигини мунтазам ошириб боришга алоҳида аҳамият қаратамиз, – деди “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ Юридик бўлими бошлиғи Улуғбек Раҳмонқулов.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонунчиликдаги сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилди.
Шунингдек, комплаенс назоратининг асосий вазифалари, унинг коррупцияга қарши курашиш тизимидаги ўрни, ходимларнинг масъулияти ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича амал қилиниши лозим бўлган талаблар муҳокама қилинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай очиқ мулоқотлар ходимларнинг ҳуқуқий билими ва хабардорлигини юксалтириш, коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ҳамда корхонада қонунийлик ва шаффофлик муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА