Кичик хонадондан бошланган катта имкониятлар
Мамлакатимизда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш ва хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бермоқда. Бугун юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам кичик ташаббуслар янги иш ўринлари, барқарор даромад манбалари ва маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ўсишига хизмат қилмоқда.
Томди туманининг Шарқ овулида истиқомат қилувчи тадбиркор Нафиса Шодиева ана шундай ташаббускор аёллардан бири. У ўз хонадонида кўрпа-қовуш ишлаб чиқариш цехини ташкил этиб, самарали фаолият олиб бормоқда.
Бугунги кунда мазкур кичик ишлаб чиқариш масканида маҳсулотларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш жараёнлари йўлга қўйилган. Натижада аҳоли эҳтиёжи маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига қондирилиб, ички бозорга сифатли маҳсулотлар етказиб берилмоқда.
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнес ғояларини рўёбга чиқариш учун молиявий ва институционал имкониятлар кенгайиб бормоқда, – дейди Н.Шодиева. – Мен ҳам ана шу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда хонадонимиздан ишлаб чиқариш цехи очдим. Бугунги кунда нафақат даромад топмоқдаман, балки “Аёллар дафтари”га киритилган бир неча нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаганман. Улар меҳнат қилиш баробарида касб-ҳунар ўрганиб, тажриба орттирмоқда ва ўз оилаларининг иқтисодий барқарорлигига ҳисса қўшмоқда.
Нафиса Шодиеванинг таъкидлашича, катта натижаларга эришиш учун йирик корхонага эга бўлиш шарт эмас. Энг муҳими ташаббус, меҳнатсеварлик ва яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишдир. Ана шундай фидойи тадбиркорлар фаолияти туфайли Томди туманида хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожланиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда, маҳаллий иқтисодиёт эса тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
А.Бўриев, ЎзА