Картошкачиликда илм ва амалиёт уйғунлиги самараси (+видео)
Биз кўпинча картошка етиштириш деганда анъанавий усулни, яъни тупроққа бўлакларга бўлиб, кўкарган картошка уруғини тепага қаратиб экиш ва ундан олинадиган ҳосилни кавлаб олишни кўз олдимизга келтирамиз. Инновацион картошкачилик бунинг тўлиқ акси бўлиб, етиштириш жараёни анъанавий усулдан тубдан фарқ қилади.
Энг аввало «in-vitro» лабораториясида вируслардан холи ўсимлик тайёрлаб олинганидан сўнг, ерга эмас пўкакдан тайёрланган мосламага кўчириб ўтқазилади. Ўсимликка зарур минераллар, сув ва бошқа био маҳсулотлар унинг томирига пуркаш йўли билан юборилади. Бу жараённи ва ҳароратни “смарт” иссиқхонадаги автоматик тизим бошқаради. Инсон аралашуви чекланганлиги боис бир ишчи барча босқични тўлиқ назорат қила олади.
- Бизни институт янги навларни яратиш билан бирга уруғчилиги билан ҳам шуғулланади, - дейди Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Нурбек Хушвақтов. – Бу ерда соғлом, вируслардан холи бўлган, юқори авлодли уруғликлар етиштирилади. Ушбу иссиқхонада институт лабораториясида «in-vitro» усулида тайёрлаб олинган ўсимликлар етиштирилмоқда. 20 сотох майдонда 16 мингта ўсимлик экилган ва булардан 1 млн мини туганак олишни режалаштириб турибмиз.
Тошкент вилоятида жойлашган Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан олиб борилаётган ушбу илк тадқиқот кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 65 кун давомида пишиб етиладиган картошканинг янги нави Нидерландия Қироллигининг қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассисларидан иборат делегация аъзоларида ҳам катта таассурот қолдирди.
- Ўзбекистонда картошкачилик соҳасида навларни яхшилаш бўйича тавсиялар бердик, - дейди Нидерландия Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва табиат вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳа бош бошқармасининг уруғчилик бўйича сиёсат мутахассиси Мариен Валстар. – Бу борада биз юқори тажрибага эгамиз. Биз ҳар доим икки томоннинг ривожланишини истаймиз ва ушбу йўналишда вазифаларни белгилаб олдик. Ўзбекистон фермерлари учун янги, истиқболли навларни олиб киришни мақсад қилганмиз. Зеро, нав устида ишламаслик тармоқни орқага тортади, унда ривожланиш бўлмайди. Умид қиламанки, бу ҳамкорлик Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини янада тараққий эттиришга ёрдам беради.
20 сотох майдонда тайёрлаб олинган мини туганаклар кейинчалик махсус тайёрланган иссиқхоналарга экилади. Бу ўсимликни ерга ва иқлимга мослаштириш учун амалга оширилади. Мини туганаклар тайёр бўлгач, очиқ майдонларга қайта экилади.
Бугунги кунда маҳаллий картошканинг истиқболли навларини ихтиро қилиш ва мавжудларини сақлаб қолиш мақсадида институт очиқ дала майдонида ҳар мавсумда уруғликлар етиштириб келинади. Картошкачилик хўжаликлари талабларига қараб, ушбу ўсимлик «in-vitro» усулида яна кўпайтирилиб, мини туганаклар яна ўша кетма-кетликда тайёрлаб берилади. Ушбу цикл тўхтаб қолмайди. Йил давомида хўжаликларни сифатли ва ҳудудга мос уруғлик билан таъминлаб бериш имкони яратилди. Институтда бир йилда 3 млн донадан зиёд мини туганаклар тайёрлаш имкони бор ва май ойи охирларида дастлабки уруғликлар тайёр бўлади.
Шунингдек, аэропоника иссиқхонада ҳам картошка ва бошқа ўсимликлар синовдан ўтказилмоқда. Эътиборли томони бу каби усулни ҳаттоки хонадон шароитида ҳам ташкил этиш мумкин.
Келгусида Жанубий Корея олимлари билан ҳамкорликда олиб борилган изланишлар туфайли яратилган янги навлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё давлатларини тўлиқ сифатли ва минтақамизга мос уруғлик билан таъминлаш кўзда тутилган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/CvBVVHgHWTs" title="Kartoshkachilikda ilm va amaliyot uyg‘unligi samarasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов,
Ойбек Давронов, Салибой Ашуров (видео), ЎзА