Журналистларни қўллаб-қувватлаш янги босқичга кўтарилади
Андижон шаҳридаги вилоят Ахборот-кутубхона марказида “Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор вазифалари, соҳадаги ислоҳотлар ва журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари” мавзусида учрашув-мулоқот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, соҳа фахрийлари ҳамда ёш журналистлар иштирок этган учрашувда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов мамлакатимиз медиа соҳасини ривожлантириш, уюшма томонидан амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар, янги лойиҳалар ҳақида гапирди. Хусусан, уюшма қошида журналистларга ҳуқуқий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази ташкил этилиши, марказ хизматидан журналистлар бепул фойдаланишлари мумкинлигини айтиб ўтди. Шунингдек, мулоқотда вилоят медиа маконидаги долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
[gallery-29838]
Самимий, очиқ-ошкора ўтган мулоқот давомида иштирокчилар бугунги кунда вилоят матбуоти олдида турган муаммолар, долзарб масалалар, уюшманинг келгуси фаолияти, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижодкорлар ҳамда ҳудудий нашрларни қўллаб-қувватлаш юзасидан ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Айниқса, фахрий журналистларга эътибор кўрсатиш, “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
– Бугун вилоятдаги матбуот нашрлари иқтисодий қийин даврни бошидан ўтказмоқда, – дейди “Жалақудуқ ҳаёти” газетаси муҳаррири Шукрулло Ҳайитохунов. – Ана шундай бир даврда таҳририятларга замонавий билим ва кўникмаларга эга, замонавий ахборот-технология воситаларида ишлашни пухта ўрганган ёш кадрларни жалб этиш, уларни қўллаб-қувватлаш муҳим ҳисобланади. Чунки, замон, давр руҳи ва талабидан келиб чиқиб, нашрларнинг электрон вариантларини яратиш ва ахборот тармоқларига жойлаш орқали нашрларнинг бутунлай янгича кўринишини яратиш лозим.
Мулоқот якунида соҳани янада ривожлантириш, журналистларни қўллаб-қувватлаш, касбий маҳоратни ошириш ҳамда замонавий медиа талабларига мос фаолият юритиш борасида амалга оширилиши муҳим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.