Жанубий Корея Ҳурмуз бўғози хавфсизлигини таъминлашда АҚШни қўллаб-қувватлайди
Жанубий Корея мудофаа вазири Ан Гю Бэк Сеул маъмурияти томонидан АҚШнинг Ҳурмуз бўғозида кемалар хавфсиз ҳаракатланишини кафолатлашга қаратилган ташаббусини қўллаб-қувватлаш имконияти кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берган.
“Yonhap” ахборот агентлиги ҳам Ан Гю Бэк АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет билан кечган учрашувда Корея Республикаси халқаро ҳамжамиятнинг масъулиятли аъзоси сифатида ушбу жараёнда иштирок этишини таъкидлаганига эътибор қаратган. Корея мулозими сўзларига кўра, Сеул минтақавий хавфсизликка босқичма-босқич ҳисса қўшиш йўлларини изламоқда.
Жанубий Корея томонидан кўрсатиладиган ёрдам нафақат тезкор маълумот алмашиш, балки зарур ҳолда ҳарбий ходим ва тегишли техника сафарбар этишни ҳам назарда тутиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Президент Дональд Трамп Ҳурмузда кема қатновини чеклашга қаратилган ҳаракат вақтинча тўхтатилганини билдирган. Бинобарин, Эрон билан музокара кутилган натижани бермаса, Вашингтон сув йўли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли денгиз миссиясини қайта тиклаши эҳтимоли мавжудлигидан огоҳлантирган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА