АҚШ разведкаси: Эрон ҳануз мислсиз ракета салоҳиятини сақлаб қолмоқда
АҚШ разведка хизмати янги махфий ҳисоботида Эрон ҳарбий салоҳияти аввал тахмин қилинганидек жиддий заифлашмагани қайд этилди. Хусусан, Ислом Республикаси Ҳурмуз бўғози атрофидаги ракета объектларининг аксариятидан фойдаланиш имкониятини тиклаб олган.
“The New York Times” нашри ёзишича, Америка разведкаси Эрон Ҳурмуз бўғози бўйлаб жойлашган 33 ракета базасидан 30 тасида амалиётни қайта йўлга қўйганини аниқлаган.
Ҳужжатга кўра, Эрон урушдан олдинги мобил ракета тўпламининг тахминан 70 фоизини сақлаб қолган. Шунингдек, мамлакатда баллистик ва қанотли ракета захирасининг ҳам салмоқли қисми бус-бутун.
Разведка маълумотида Эроннинг ер ости ракета омбори ва старт мажмуаларининг қарийб 90 фоизи қисман ёки тўлиқ ишлаш ҳолатига келтирилгани таъкидланган. Бу маълумот сунъий йўлдош кузатуви ва бошқа разведка манбалари асосида тайёрлангани таъкидланган. Умуман, бу хулоса Президент Дональд Трамп ва мамлакат мудофаа вазири Пит Хегсетнинг Эрон армияси “деярли йўқ қилингани” ҳақидаги баёнотларига зид келмоқда.
Нашр ёзишича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши қўшма ҳарбий амалиёти мамлакат инфратузилмасига жиддий зарар етказса-да, Теҳрон қисқа вақтда муайян ҳарбий имкониятни тиклашга муваффақ бўлган.
Айни пайт Ҳурмуз атрофидаги вазият жаҳон энергетика бозори учун муҳим аҳамият касб этади. Таҳлилчилар минтақадаги сулҳ келишуви барбод бўлса ва ҳарбий ҳаракат қайта авж олса, АҚШ учун янги зарба бериш масаласи янада мураккаблашиши мумкинлигига урғу беряпти. Бунга сабаб сифатида Пентагон айрим юқори аниқликдаги қурол-яроқ захирасини деярли сарфлаб бўлгани келтирилмоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА