Ислоҳотлар жараёнини ёритишда холислик ва таҳлил устувор
Қашқадарё вилоятида ўтказилаётган “Медиа ҳафталик” доирасида навбатдаги машғулот ЎзА мухбири Икром Аввалбоев иштирокида ташкил этилди.
Мазкур мастер-класс “Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини ёритишнинг муҳим йўналишлари” мавзусига бағишланиб, унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, ёш журналистлар ҳамда бир гуруҳ блогерлар иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида холис ва таҳлилий ёндашув асосида ёритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, уларнинг ижроси юзасидан таъсирчан материаллар тайёрлаш журналистлар олдида турган муҳим вазифалардан экани таъкидланди.
[gallery-28892]
Шунингдек, машғулот давомида босма нашрларни юритишда замонавий услуб ва форматлардан фойдаланиш, ахборотни қизиқарли ва тушунарли тарзда тақдим этиш, таҳлилий, танқидий материаллар тайёрлашда муаллиф позициясини аниқ ҳамда асосли ифода этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Икром Аввалбоев ўз сўзида бугунги ахборот маконида тезкорлик билан бирга ишончлилик ва сифат масалалари ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини қайд этиб, журналистлардан ҳар бир хабар ва материалга масъулият билан ёндашиш талаб этилишини алоҳида таъкидлади.
Мастер-класс савол-жавоблар, фикр алмашувлар билан бойитилиб, иштирокчилар учун амалий жиҳатдан манфаатли мулоқот майдонига айланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА