Ис гази ва ёнғин хавфидан огоҳ бўлинг
Қиш мавсумида иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш, носоз печлар ис газидан заҳарланиш ва ёнғинлар хавфини оширади. Бу кўринмас душмандан сақланиш йўлларини биласизми?
Қиш мавсуми яқинлашар экан, хонадонларни иситиш зарурати ортади. Афсуски, бу даврда газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин) иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик туфайли ис газидан заҳарланиш ва ёнғинлар сони кўпаяди. Ностандарт, қўлбола ёки сертификатланмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш ҳам кўнгилсиз оқибатларга олиб келади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, қиш мавсумида ҳар учта ёнғиннинг биттаси айнан иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки уларнинг носозлиги оқибатида юзага келади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассиси Гўзал Ирматованинг таъкидлашича, об-ҳаво ҳарорати пасайгани сайин иситиш мосламаларига эҳтиёж ортади, бу эса хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик натижасида кўнгилсиз ҳодисалар ва ис газидан заҳарланиш хавфини оширади. Мутахассис айниқса, тунги вақтда аҳоли турар жойларидаги иситиш тизимларини назоратсиз қолдирмасликни сўрайди. Шунингдек, ошхонадаги табиий газда ишловчи газ плиталаридан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланиш қатъиян ман этилади. Баъзида плита устига ғишт қўйиб хонадонни иситишга уринишлар ҳам жуда хавфли.
Хавфсизликни таъминлаш учун қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш зарур:
Иситиш печлари ва мўрилар: Уларнинг созлигини доимий текшириб туриш, турли буюм ва тўсиқлар билан беркитилмаслигини назорат қилиш, мўриларни махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозалатиш муҳим.
Ҳаво айланиши: Хоналарда ҳаво айланиши яхши эканига ишонч ҳосил қилиш керак.
Ёнувчан буюмлар: Иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюмларни сақламаслик лозим.
Газ ускуналари: Газ ускуналарини улаш тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилиш, уларга резина шланглар орқали уланишдан сақланиш мақсадга мувофиқ.
Ис гази рангсиз, ҳидсиз ва таъмсиз бўлгани учун унинг мавжудлигини сезиш қийин. Бу эса уни янада хавфли қилади. Табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўладиган ис гази инсон организмига жиддий зарар етказади. У ўпка орқали қонга тез сўрилиб, кислород ўрнини эгаллайди. Натижада организмда кислород етишмовчилиги юзага келиб, марказий асаб тизими шикастланади. Бу эса оғир оқибатларга, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.
Газ ҳидини сезганда нима қилиш керак? Агар хонада газ ҳидини сезсангиз, дарҳол чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланманг. Хонани зудлик билан шамоллатинг ва газ хизматига хабар беринг. Ўзингиз ва яқинларингизнинг саломатлигини асраш учун хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилинг!

Мавжуд таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қиш фаслида хавфсизликни таъминлаш учун иситиш мосламалари ва мўриларнинг созлигини мунтазам текшириш, хоналарда етарлича ҳаво айланишини таъминлаш ҳамда газ ускуналаридан фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя этилиши кўнгилсиз ҳолатнинг олдини олишга хизмат қилади. Рангсиз ва ҳидсиз ис газининг ҳаёт учун ўта хавфлилигини инобатга олиб, унинг олдини олиш бўйича хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш муҳим аҳамият касб этади.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА