"Тўмарис издошлари": ҳарбий хотин-қизлардан маҳорат ва ватанпарварлик намойиши
Бугунги кунда ўзбек аёли нафақат оила чироғи ва жамият кўрки, балки Ватан ҳимоясидек муқаддас ва масъулиятли бурчни эркаклар билан елкама-елка туриб адо этаётган жасорат тимсолидир. Бунинг ёрқин исботи сифатида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан юртимизда илк бор “Ватан меҳри юрагимда” шиори остида “Тўмарис издошлари” Республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Мамлакатимизнинг турли куч ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида хизмат қилаётган шижоатли хотин-қизларни бир даврага жамлаган ушбу йирик тадбир, нафақат уларнинг касбий маҳоратини, балки қалбларидаги чексиз ватанпарварлик туйғусини ҳам намойиш этди.
[gallery-32312]
Ҳарбий хизматчи хотин-қизларнинг жамият ва Қуролли Кучлар тизимидаги мавқеини янада юксалтириш, уларнинг касбий ва жисмоний тайёргарлигини такомиллаштириш, маънавий-интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Божхона қўмитаси тизимида хизмат қилаётган хотин-қизлардан тузилган 7 та жамоа ўзаро куч синашди.
Учрашув дастури ўзаро мазмунан боғлиқ бўлган 7 та шартни қамраб олди. Хусусан, “Таништирув”, “Заковат” интеллектуал билимлар беллашуви, “Отиш тайёргарлиги”, “Ҳарбий тайёргарлик”, “Жисмоний тайёргарлик”, “Эпчил, тежамкор ва ораста бека” ҳамда “Истеъдод ва маҳорат” шартлари орқали иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари баҳоланди.
Ушбу шартларда ҳарбий хизматчиларнинг амалий кўникмалари, тезкорлиги, чидамлилиги, жанговар тайёргарлик даражаси ҳамда жамоа бўлиб ҳаракат қилиш маҳорати синовдан ўтказилди. Икки кун давомида бўлиб ўтган тадбирнинг биринчи кунида “Эпчил, тежамкор ва ораста бека” шартида жамоалар миллий таом тайёрлаш бўйича ҳам ўз маҳоратларини кўрсатди. Ушбу йўналиш иштирокчиларнинг кундалик ҳаётдаги амалий кўникмалари, миллий анъана ва қадриятларга муносабатини намоён этишга қаратилди.
Тадбирнинг иккинчи кунида дастлаб “Заковат” интеллектуал билимлар беллашуви ўтказилди. Унда жамоалар мантиқий фикрлаш, билимдонлик, тезкор таҳлил қилиш ва ҳамжиҳатлик асосида тўғри хулосага келиш бўйича ўзаро рақобатлашди. Низомга кўра, иштирокчиларга уч тур давомида жами 36 та савол тақдим этилди. “Истеъдод ва маҳорат” шартида эса ҳарбий хизматчи хотин-қизлар ўзларининг ижодий қирраларини очиб берди.
Қўшиқчилик, рақс, саҳна кўринишлари, шеърият ва бошқа ижодий йўналишлардаги чиқишлар орқали уларнинг санъатга ошнолиги, миллий маданиятга ҳурмати ва бадиий маҳорати намоён бўлди.
Ҳар бир йўналишда юқори натижа қайд этган жамоалар аниқланиб, 7 та номинация бўйича ғолиблар тақдирланди.
“Тўмарис издошлари” тадбири ҳарбий хизматчи хотин-қизлар учун ўз салоҳиятини намоён этиш билан бир қаторда, турли куч тузилмалари ўртасида касбий тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда янги ташаббусларга замин яратиш имкониятини берди.
Гулноза Бобоева,
Отабек Мирсагатов (сурат),
ЎзА