Ироқ ва Туркия хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтиради
Туркия ва Ироқ Синжар ҳудудида хавфсизликни таъминлаш, террорчиликка қарши курашиш ҳамда ҳарбий ҳамкорликка оид келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма баёнот эълон қилди.
Бу ҳақда Туркия президенти ҳузуридаги Ахборот ва коммуникациялар бошқармасининг (İletişim Başkanlığı) ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида маълум қилинди.
Баёнотга кўра, икки мамлакат етакчилари ўртасида 23 сентябрь куни эришилган келишув асосида Ироқ ҳукуматининг Синжарда давлат назоратини тўлиқ тиклаш ва PKK террорчилик ташкилоти фаолиятига барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларини давом эттириш тасдиқланган.
Ўз навбатида, Туркия Башиқа-Зиликан ҳарбий базасини Ироқ ҳукуматига босқичма-босқич топшириш бўйича мажбуриятларини бажаришга киришиши маълум қилинган.
Шунингдек, Синжарда хавфсизликни таъминлаш ва PKK фаолиятига чек қўйиш жараёнини биргаликда назорат қилиш мақсадида Қўшма хавфсизликни мувофиқлаштириш қўмитасини ишга туширишга келишиб олинган.
Томонлар мазкур қўмита фаолиятини аввалги келишувлар асосида қисқа муддатда йўлга қўйиш ниятини билдирган.
Нодира Қаюмова,
ЎзА