Большая Азия: Ўзбекистон ва Россия медиа ҳамкорликни кучайтиради
РФнинг "Большая Азия" нашри пойтахтимизда ўтказилаётган Ўзбекистон – Россия III медиафоруми ҳақида мақола эълон қилди.
Нашрнинг қайд этишича, анжуманда ахборот соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма медиа лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда замонавий технологияларнинг оммавий ахборот воситалари фаолиятига таъсири муҳокама қилинмоқда.
Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги Бош директори Андрей Кондрашов икки мамлакат таҳририятлари ва медиакомпаниялари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, қўшма телевизион ва рақамли лойиҳалар яратиш, ҳужжатли ҳамда бадиий фильмлар суратга олиш, тарих ва маданиятга бағишланган махсус медиалойиҳаларни кўпайтириш таклифини илгари сурган.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов эса оммавий ахборот воситаларининг икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқот ва халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни ривожлантиришдаги аҳамиятига эътибор қаратган. У медиа макондаги ўзгаришлар шароитида ахборот ишончлилиги, таҳлил сифати ва воқеаларни холис ёритиш устувор аҳамият касб этишини таъкидлаган.
Нашрнинг ёзишича, форумда медиасоҳани рақамлаштириш, контент яратишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, ахборот хавфсизлиги, болаларни интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш ва маълумотлар ишончлилигини текшириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, Россия президентининг стратегик шериклик ва ҳамкорлик бўйича бошқармаси бошлиғи Вадим Титов Ўзбекистонга ҳар йили қарийб бир миллион россиялик сайёҳ ташриф буюришини, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси эса рекорд даража – 13 миллиард долларга етганини маълум қилган.
Хабарга кўра, ЎзА ва ТАСС ҳамкорлигида ташкил этилган форумда Россиянинг ВГТРК, «Первый канал», НТВ, RT, «Мир», «Газпром-Медиа Холдинг», VK ва «Яндекс» каби йирик медиатузилмалари, шунингдек, Ўзбекистоннинг давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА